Ўзбекистон | 08:32 / 10.08.2021
4836
2 дақиқада ўқилади

Ягона «E-Bozor» электрон платформасини жорий қилиш режалаштирилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Бозорлар ёки савдо комплексларини бошқарувчи ташкилотининг таъсисчилари ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бўлиши мумкинлиги белгиланиши назарда тутилмоқда.

2022 йилнинг 1 январига қадар 100та ва ундан кўп турғун савдо шохобчаларига эга бўлган барча бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан йиғимнинг тўлиқлигини ҳар куни текширган ҳолда фақат банк тизими орқали реал вақт режимида бир марталик йиғим ва ижара тўловлари ундирилишининг автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олинишини мажбурий тартибда жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ягона «E-Bozor» электрон платформаси жорий қилинади.

Низомга мувофиқ, бозор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқлаган Режага асосан, ўз ҳудудида архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ, шунингдек бозорларнинг у ёки бу турига бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда ташкил этилади.

Янги ташкил этилаётган бозорлар ёки савдо комплекслари учун ер майдонлари «E-Ijro Auksion» савдо майдончаси орқали белгиланган тартибда ажратилади.

Мавзуга оид