08:16 / 12.08.2021
3662

ЕТТБ Ўзбекистонга электр энергетикани ривожлантириш учун 81,6 млн евро ажратди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳаётий муҳим инфратузилмани қўллаб-қувватлаш дастури: электр энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 81,6 млн евро миқдорида 7 йил муддатга, шу жумладан 30 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 1 фоиз плюс 6 ойлик Euribor ставкасида ва мажбурият учун комиссия 0,5 фоиз ставкасида қарз ажратилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзидан фойдаланиш схемаси;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзини "Тошкент ИЭС" АЖ, "Навоий ИЭС" АЖ, "Тахиатош ИЭС" АЖ, “Сирдарё ИЭС" АЖ, "Таллимаржон ИЭС" АЖ томонидан қайтаришнинг прогноз жадваллари.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 2 йилни (2021-2022 йиллар) ташкил этади. Белгиланишича:

  • "Иссиқлик электр станциялари" АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича масъул;
  • "Тошкент ИЭС" АЖ, "Навоий ИЭС" АЖ, "Тахиатош ИЭС" АЖ, "Сирдарё ИЭС" АЖ, "Таллимаржон ИЭС" АЖ қарздан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш бўйича ташаббускор масъул ижрочилар - қарз олувчилар ҳисобланади;
  • асосий қарзни қайтариш, фоизлар, бир марталик комиссия ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар ИЭСнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.08.2021 йилдан кучга кирди.

Top