Жаҳон | 23:30 / 13.08.2021
10059
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг оқ танли аҳолиси 1790 йилдан бери биринчи марта қисқарди

Фото: AP

АҚШда аҳолини навбатдаги рўйхатга олиш натижалари эълон қилинди. Уларга кўра, АҚШнинг испан тилида сўзлашмайдиган оқ танли аҳолиси мамлакатда энг катта этник гуруҳ бўлиб қолмоқда. Бироқ ушбу гуруҳ вакиллари 10 йил ичида, яъни 2010 йилдан 2020 йилгача 8,6 фоизга қисқариб, айни вақтда АҚШ аҳолисининг 57,8 фоизини ёки 204,3 млн кишини ташкил қилмоқда.

Таъкидланишича, АҚШнинг оқ танли аҳолиси 1790 йилдан бери биринчи марта қисқарган ва илк бор 60 фоиздан камроқни ташкил қилган.

2010 йилда оқ танли аҳоли жами аҳолининг 63,7 фоизини ташкил қилган. Экспертлар ушбу гуруҳ вакилларининг камайиб кетишини оқ танли аёллар ўртасида туғиш даражаси пасайиб кетгани билан боғлашмоқда.

Шу билан бирга, осиёликлар ва лотин америкаликлар улуши кўпайган. Лотин америкаликлар 10 йил ичида 23 фоизга кўпайиб, жами аҳолининг 18,7 фоизини ташкил қилмоқда. Улар сон бўйича оқ танли аҳолидан кейинги ўринни эгалламоқда.

АҚШнинг қора танли аҳолиси барқарор даражада қолиб, жами аҳолининг 12,4 фоизини, осиёликлар эса 6 фоизини ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, ўзини бир неча ирққа мансуб деб ҳисоблайдиган аҳоли сони 10 йил ичида 9 миллиондан 33,8 миллионгача кўпайган. 

Брукингс институти демограф тадқиқотчиси Уильям Фрейнинг фикрича, АҚШнинг оқ танли аҳолиси 2045 йилга қадар 50 фоиздан камайиб кетиши мумкин.

АҚШ ҳукумати олинган натижаларга мутаносиб равишда АҚШ вакиллар палатасини шакллантиради. Бу жараён ҳар 10 йилда ўтказилади.

Мавзуга оид