Ўзбекистон | 19:26 / 13.08.2021
11220
2 дақиқада ўқилади

Оилавий тадбиркорлардан коммунал тўловлар учун асоссиз равишда 1,5 млрд сўм ундирилган

Оилавий тадбиркорлик субъекти ўз турар жойидан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланса, коммунал тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўлаши белгиланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йил ва 2021 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида оилавий корхоналарга электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва ичимлик суви (канализация) тарифларининг тўғри қўлланилиши юзасидан ўрганишлар ўтказди.

Маълум қилинишича, мазкур давр мобайнида республика бўйича 1100 га яқин оилавий корхонадан 1 млрд 503 млн 600 минг сўм, шу жумладан, 50 та оилавий корхонадан табиий газ бўйича 272,9 млн сўм, 915 та оилавий корхонадан электр энергияси бўйича 1 млрд 204 млн 700 минг сўм, 134 та оилавий корхонадан сув таъминоти бўйича 26,5 млн сўм асоссиз даромад олингани аниқланган.

Ушбу ҳолатларда коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан бир қатор оилавий корхоналарга коммунал хизматлар учун тарифлар қонун ҳужжатларида белгиланганидан бошқача тарзда нотўғри қўлланилган.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгиланган. Юқоридаги ҳолатларда мазкур қоидаларга амал қилинмаган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ортиқча ундирилган пул маблағларини оилавий корхоналарга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид