Kun.uz тил ўрганувчилар учун энг муҳим тавсиялар, бу борада кўпчилик учун умумий бўлган муаммолар ҳамда уларни енгиб ўтиш ҳақида хорижий тиллар мутахассиси Азамат Акбаров билан интервью уюштирди.

— Ўз она тилидан ташқари бир ёки бир неча тилни ўрганиш инсонга нима беради?

 Ўзбекистонда бу масалага нега кўп эътибор қаратиляпти?

— Дунё ривожланяпти. Сунъий чегаралар олиб ташланяпти. Инсонларда дунёни, унинг илмларини ўрганишга қизиқиш ортяпти. Иқтисодиётлар ривожланяпти. Албатта, Ўзбекистон ҳам бу жараёнлардан четда эмас. Бизга ҳам миллионлаб меҳмонлар, саёҳатчилар келмоқда. Айни мана шулар ҳам Ўзбекистонда тил ўрганишни долзарб масалага айлантирмоқда.

Дунё миллатлари ва инсонларнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари бор. Тил ўрганиш эса инсонни бошқа маданиятлар билан ҳам яқинлаштиради.

— Дейлик, бирор хорижий тилни ўрганишга иштиёқ жуда кучли. У ишни нимадан бошлаши керак?

— Тил ўрганишда энг асосийси хоҳиш, истак ва илк қадамни ташлаш. Афсуски, кўпчиликда илк қадамни ташлаш омилини қўрқув омили енгиб кетаверади. Бу бизнинг тарбиямиз билан ҳам боғлиқ жиҳат.

Фарзандларимизга ёшлигидан катталар ўтирган даврада гапирмасликни, фикрини айтмаслик ваҳоказоларни ўргатамиз. Уларни доим қолиплар билан чегаралаймиз.

Бола мана шундай тўсиқлар билан катта бўлар экан, унинг ўзига бўлган ишончи суст бўлади. Қарор қабул қилиш, мустақил ташаббусларга қадам қўйишга қийналади. Бу болани танқидий ва таҳлилий фикрлашдан тўсувчи катта тўсиқ.

Биз тарбия беришдаги мана шу услубларни ўзгартиришимиз керак.

Европа ва Жанубий Кореяда ёш болаларни хато қилишга ўргатишади. Тилда ҳам шундай. Қанча кўп хато қилсангиз, шунча ривожланишга хизмат қилади.

Менга ўқитувчиларнинг бола тилни ўрганолмаяпти деган фикри маъқул келмайди. Тил – абстрак тушунча. Хўш, бола тилни нимасини ўзлаштиролмайди? Замонларними? Артиклларними? Ҳаракат номиними? Ўқитувчи бунга жавоб беролмайди.

Агар биз боланинг хатоларига тўғри ташхис қўя олсак, бола ўша хатоларни такрорламайди. Қайтараман, хорижда ўқитувчилар болани имкон қадар кўпроқ хато қилишга мажбурлашади. Хато қилиш аслида – ривожланиш.