Ўзбекистон | 21:46 / 14.08.2021
20634
2 дақиқада ўқилади

“Lyubaya biznes xorosha” МЧЖ мансабдорлари устидан жиноят иши судга оширилмоқда

Тошкент шаҳар прокуратураси “Lyubaya biznes xorosha”, “Plati-leti” ва “S 707” МЧЖларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини олиб борган икки шахс устидан терговни якунлади.

“Lyubaya biznes xorosha”, “Plati-leti” ва “S 707” МЧЖ мансабдор шахсларининг жиноят иши бўйича тергов якунланиб, иш судга оширилмоқда. Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.

Шамсутдиновга кўра, жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунига етказилган. Тергов якунида учала жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолиятини олиб борган 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилмоқда.

Айтиш жоизки, айблов айнан қайси моддалар бўйича эълон қилингани ҳозирча номаълум.

Маълумот учун, мазкур жиноят иши ЖКнинг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) 1-қисми, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан қўзғатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йилдаги интервьюларидан бирида айтган “Lyubaya biznes xorosha” жумласи оммалашиб кетган эди. 2019 йил 16 августида Тошкент шаҳрида “Lyubaya biznes xorosha” МЧЖ юридик шахс сифатида, улгуржи савдо билан шуғулланиш мақсадида рўйхатдан ўтказилган.

Мавзуга оид