09:25 / 02.06.2021
37152

«Lyubaya biznes xorosha» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

«Lyubaya biznes xorosha» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсиддинов хабар берди.

Қайд этилишича, «Lyubaya biznes xorosha», «Plati-leti», «S 707» ва бошқа МЧЖлар мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши Жиноят кодексининг 179- (Сохта тадбиркорлик), 184- (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддалари (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган.

«Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», дея қайд этилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Alter Ego дастурига берган интервьюсида айтган «Lyubaya biznes xorosha» жумласи ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетганди. 2019 йил 16 августида Тошкент шаҳрида «Lyubaya biznes xorosha» МЧЖ юридик шахс сифатида, улгуржи савдо билан шуғулланиш мақсадида рўйхатдан ўтказилган.

Бу корхона маиший электр товарлар улгуржи савдоси билан шуғулланган. Устав фонди 3 млрд сўм билан тадбиркорлик фаолиятини бошлаган «Lyubaya biznes xorosha» МЧЖ номи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлганди.

Top