Дунё давлатлари «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабасига қандай муносабатда бўлмоқда?
Қатор давлатлар фуқароларини ва дипломатик миссиялари ходимларини эвакуация қилмоқда, авиакомпаниялар Афғонистон ҳудудини айланиб ўтиб уча бошлади, Россия ўтиш даври ҳукумати билан ҳамкорлик қилади.
15 август кунига келиб «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудларини тўлиқ эгаллади ва амалда ҳокимиятни қўлга олди. Бу АҚШ ўз қўшинларини ушбу мамлакатдан олиб чиқишидан бир неча ҳафта ўтиб рўй берди (улар бу ерда 20 йил давомида бўлишди). Америка ҳукумати Кобулдан дипломатларини эвакуация қилмоқда — Ғарбнинг бошқа кўплаб давлатлари қатори; Россия эса элчихонасини ёпмаслиги ва ўтиш даври ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқчилигини маълум қилди, гарчи «Толибон» РФда террорчи ташкилот сифатида тан олинган бўлса ҳам. «Медуза» Афғонистонда якшанба куни рўй берган воқеаларга дунё мамлакатлари қандай реакция қилганини кўриб чиқди.
Афғонистон
2014 йилдан буён мамлакатни бошқариб келган президент Ашраф Ғани президентлик саройини тарк этиб, Тожикистонга учган.
Унгача мамлакатнинг аввалги президенти Ҳамид Карзай ўз оиласи билан Кобулда қолишини маълум қилганди. У зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган. «Кобулнинг ҳурматли фуқаролари! Мен сиз билан шу ерда қолмоқчиман, оилам, қизларим, болаларим ҳам шу ерда қолади. Умид қиламанки, мамлакатимиз ва пойтахтимиз тақдири тинч йўл билан, музокаралар орқали ҳал этилади», дея ёзган у фейсбукдаги саҳифасида. «Биз афғон муаммоси „Толибон“ билан музокаралар, биродарлик ва ватанпарварлик асосида ҳал этилиши учун барча имкониятларни ишга соламиз», дея қўшимча қилган у.
Афғонистон мудофаа вазири, генерал Бисмилла Муҳаммадий Кобул аҳолисини улар хавфсизликда эканига ишонтиришга уринган: «Мен барчангизни Кобул хавфсизлиги таъминланишига ишонтираман», деган у якшанба кунги чиқишида. «Халқаро кучлар афғон хавфсизлик кучлари ва мудофаа кучлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр», дея қўшимча қилган у.
АҚШ
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен толибларнинг юриши «кутилганидан тезроқ кечгани» ҳақида гапирган. Аммо, унинг фикрича, АҚШнинг Афғонистондан олиб чиқилиши қарори ўзини оқлаган: «У ерда кучларимизни қолдириб ҳам статус-квони (урушгача бўлган ҳолат) сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақидаги ғоя шунчаки янглиш фикр», деган Блинкен CNN корреспондентига. У АҚШнинг эндиги асосий мақсади — барча америкаликларни мамлакатдан хавфсиз шароитда олиб чиқиш эканини қўшимча қилган. «Биз толиблардан ҳеч нарса сўрамадик [эвакуация учун]. Биз агар улар бу жараёнга аралашса, бизнинг томонимиздан тезкор ва қатъий жавоб бўлишини айтдик».
АҚШнинг Кобулдаги ишончли вакили Росс Уилсон Яшил ҳудуддаги Америка элчихонасини тарк этиб, шаҳар аэропортига келган. Аэропортга элчихона биносидан ечиб олинган АҚШ байроғи ҳам келтирилган, уни АҚШга олиб қайтишади.
Аввалроқ АҚШ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод АҚШ фуқаролари тўлиқ эвакуация қилинмагунча, «Толибон» жангарилари Кобулга кирмаслигини талаб қилганди. CNN манбаси хабарига кўра, Қўшма Штатлар элчихонасининг барча ходимлари олиб чиқилиши 17 август куни тонгда якунланиши режалаштирилган.
Покистон
Покистон ТИВ 15 август куни мурожаат билан чиқди, унда мамлакат «Афғонистондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётгани» маълум қилинган. «Биз умид қиламизки, Афғонистондаги барча томонлар бу ички сиёсий инқирозни ҳал қилиш учун биргаликда иш олиб боришади», деган Покистон ТИВ матбуот котиби Зоҳид Ҳафиз Чаудри. «Покистоннинг Кобулдаги элчихонаси покистонликларга, Афғонистон фуқароларига, дипломатик ва халқаро жамоатчиликка консуллик иши ва Пакистан International Airlines парвозлари координацияси бўйича зарур ёрдамни кўрсатмоқда», дейилган хабарда.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Покистон ҳукумати вакиллари Афғонистонда ҳукумат алмашинувидан хурсанд эканликларини яшира олмаётгани акс этган видеолар тарқалган.
Германия
Германия Кобулдаги элчихонаси ходимларини Ҳамид Карзай номидаги аэропортга кўчирган. «Элчихона персонали аллақачон аэропортга етиб келди ва ишга киришмоқда», деган мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас.
«Бугун хавф остида қолган ходимлар ва бошқаларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва Афғонистондан олиб чиқиш учун тезкор чоралар кўриш мақсадида Германия федерал ҳукумати хавфсизлик хизмати ходимлари йиғилишини чақирдим», дея қўшимча қилган у.
Германия элчихонадагиларни эвакуация қилишни душанба куни ҳам давом эттиради.
Буюк Британия
Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат фуқароларга Афғонистонни тарк этишда ёрдам кўрсатишини маълум қилган. Хабарга кўра, шу вақтгача ходимлар ва уларнинг оила аъзоларидан иборат бўлган 3300 киши олиб чиқилган.
Бундан ташқари, вакиллар палатаси етакчиси Жейкоб Рис-Моггнинг CNN билан суҳбатда маълум қилишича, британ парламенти таътилдан шошилинч қайтади — 18 август куни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун.
Британия бош вазири Борис Жонсон Афғонистондаги вазият муносабати билан ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини чақирган.
Махсус қўмита йиғилишида вазирлар, давлат хизматлари департаментлари раҳбарлари, полиция вакиллари, махсус хизматлар, разведка хизматлари ва бош вазир қатнашиши зарур деб билган бошқалар ҳозир бўлади.
Канада
Канада хавфсизлик нуқтайи назаридан Кобулдаги элчихонаси фаолиятини тўхтатган. Ташқи ишлар вазири, иммиграция ишлар вазири ва мудофаа вазири Канада дипмиссияси ходимлари ҳаёти биринчи ўринга қўйилишини билдирган ва ходимлар «Канадага соғ-саломат қайтажаги»ни қўшимча қилган.
«Биз бугун афғон халқи бошига тушган вазиятдан ғамга ботдик», деган Канада бош вазири Жастин Трюдо. «Бу айниқса Афғонистон келажагига ишонган ва ишонишда давом этаётган канадаликларнинг қурбонликларини ҳисобга олсак, янада аҳамиятли. Биз иттифоқчиларимиз ва халқаро ҳамжамият билан бу саъй-ҳаракатларимиз беҳуда кетмаслиги учун ҳамкорликни давом эттирамиз».
Франция
Франция ҳукумати ҳам элчихонасини Кобул аэропортига кўчириб ўтказишга қарор қилди. «Франция афғон фуқаролик жамияти, ҳуқуқ ҳимоячилари, хавф остида қолган рассомлар ва журналистлар ҳимояси учун барча ишни қилади. Айни вақтда Кобул аэропортидан виза бериш имкониятини сақлаб қолиш устида ишланмоқда. Франция озодликни ҳимоя қилганлар билан бирдамлигини билдиради», дейилган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ива Ле Дрианнинг баёнотида.
Республика мудофаа вазирлиги баёнот беришича, Франция яқин вақтлар ичида Афғонистондан француз фуқароларини эвакуация қилиш учун Бирлашган Араб Амирликларига икки ҳарбий транспорт самолёти юборади.
Россия
РФ ТИВ хабарига кўра, Россия дипломатларини Кобулдан эвакуация қилмоқчи эмас. Қайд этилишича, Россия элчихонаси одатий режимда фаолиятини давом эттирмоқда, «Толибон» бошқа давлатлар дипломатлари билан бўлгани каби, россиялик дипломатларнинг ҳам хавфсизлигини кафолатлаган. Шунингдек, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескинлигича қолаётгани, лекин шаҳарда жанглар бўлмаётганини ва дипмиссияга таҳдид йўқлигини билдирган. Кейинроқ ТАСС агентлиги Кобулдаги элчихонага асосланган ҳолда, Россия Афғонистоннинг ўтиш ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Кремль сайтида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун қўнғироқлашгани ҳақида хабар берилди.
Москва ҳозирча толибларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган. «Барчаси ўз вақти билан», дея изоҳлаган Россия ТИВдагилар.
«Интерфакс»нинг ёзишича, Россия ТИВ Доҳада «Толибон» сиёсий офиси раҳбари мулла Абдулғани Бародар билан алоқа ўрнатишни режалаштирмоқда.
16 август куни Нью-Йорк вақти билан соат 10:00да (Тошкент вақти билан 19:00) БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазият бўйича шошилинч йиғилиш ўтказади. Бу йиғилиш Норвегия ва Эстония ташаббуси билан чақирилмоқда.
Кобул аэропортидан халқаро авиакомпанияларнинг барча йўловчи рейслари вақтинча бекор қилинган, бу ҳақда НАТО вакили маълум қилди. Альянс кучлари аэропорт хавфсизлигини таъминламоқда.
Ҳозирда аэропортдан фақат ҳарбий самолётлар учишига рухсат берилган.
Британиянинг British Airways авиакомпанияси Афғонистон осмонидан учиб ўтишни вақтинча тўхтатган. Ирландиянинг KLM компанияси раҳбарияти ҳам шундай кўрсатма берган, Бангкок ва Сингапур йўналишида учувчи йўловчилар Афғонистонни айланиб ўтиш зарурати туфайли парвоз вақти узайишидан огоҳлантирилмоқда.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024