23:41 / 16.08.2021
8195

БМТ бош котиби барча давлатларни афғон қочқинларини қабул қилишга чақирди

Фото: AFP

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида барча давлатларни афғонистонлик қочқинларни қабул қилишга ва уларни ортга қайтармасликка чақирди.

Унинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва жаҳон ҳамжамияти Афғонистон яна террорчи ташкилотлар учун хавфсиз ҳудудга айланмаслигини кафолатлаши ва глобал террорчилик хавфига қарши барча воситаларни қўллаши лозим.

Гутерриш “Толибон” ва қолган томонларни Афғонистонда инсонпарварлик ҳуқуқига амал қилишга, одамлар эркинлиги ва ҳуқуқларини таъминлашга чақирган.

БМТ раҳбари “Толибон” жангарилари БМТнинг Афғонистондаги ходимлари ва мулкига ҳурмат билан муносабатда бўлаётганини таъкидлаб ўтган. 

“Биз “Толибон” назоратидаги ҳудудларда ходимларимиз ва офисларимизни қолдирамиз. Мен ходимларимиз ва мулкимизга яхши муносабатда бўлинаётганини маълум қилишдан мамнунман”, деб айтган Гутерриш.

Унинг таъкидлашича, БМТнинг Афғонистондаги фаолиятига хавфсизлик талабларига мувофиқ ўзгартиришлар киритилади.

“БМТ мамлакатдаги хавфсизлик соҳасидаги вазиятга мослаштирилади. Бироқ асосийси, биз ушбу мамлакатда қоламиз ва Афғонистон халқига у учун оғир дамларда кўмак кўрсатишни давом эттирамиз”, деб қўшимча қилган бош котиб.

Гутерришнинг фикрича, Афғонистонда халқ талаб ва истаклари ҳисобга олинадиган инклюзив ҳукумат бўлиши лозим.

15 августда толиблар Афғонистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб назорат ўрнатганини эълон қилди. Улар Кобулдаги давлат телевидениесини ўз назоратига олиб, у орқали халққа мурожаат қилган ва одамларни осойишталикка чақирган.

Top