Жаҳон | 22:31 / 16.08.2021
19566
2 дақиқада ўқилади

“Толибон” Кобулда босқинчиликларга алоқадорларни ҳибсга олишни бошлади

Фото: EPA

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракати “жиноятларга алоқадорларни” оммавий тарзда ҳибсга олишни бошлади. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид Twitter’да маълум қилди.

“Жиноятларга алоқадор кўплаб шахслар ҳибсга олинди. Ҳеч кимга собиқ амалдорлар уйларига кириб, улардан машиналар талаб қилиб, таҳдид қилишга рухсат берилмайди. Бундай жиноятчиларга жиддий муносабатда бўлинади, улар жиддий таъқибларга учрайди”, деб ёзган Мужоҳид.

Унинг таъкидлашича, Кобулнинг аксарият аҳолиси толибларнинг ҳокимият тепасига келганидан мамнун ва ўзларини хавфсиз ҳис қилмоқда.

15 август кечаси Кучи қабиласи етакчиларидан бири унинг уйига қуролланган кишилар бостириб кириб, машинаси ва уйи калитини талаб қилганини маълум қилган.

Ariana News афғон телеканалининг толибларнинг Қатардаги сиёсий офиси раҳбари ўринбосари Абдулла Салом Ҳанафийга таяниб хабар беришича, “Толибон” давлат хизматчиларини ўз ишларига қайтишга чақирган. 

“Дипломатик миссиялар, ҳарбий базалар ва фуқаролик идоралари ходимлари ҳеч нарсадан хавотирланмай ўз ишларини давом эттиришлари мумкин. Ҳеч кимнинг ҳуқуқи камситилмайди. Аёллар ишга ҳижобда чиқишлари мумкин”, деб айтган Ҳанафий.

“Толибон коалициявий ҳукуматни ташкил этишга асос тайёрламоқда ва биз, барча афғонлар, унда иштирок этамиз. Бирор-бир афғон аввалги ҳукуматда ишлаган одам ҳақида қайғурмаслиги керак. Давлатимизга хизмат қиламиз. Хоҳ фуқаролик, хоҳ ҳарбий сектор бўлсин, ҳеч ким имтиёзни йўқотмайди”, деб қўшимча қилган “Толибон” вакили.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид