Ўзбекистон | 23:06 / 17.08.2021
14383
2 дақиқада ўқилади

“ҚХВга маълумотларни доим бериб борамиз” — “Ўзгидромет” раҳбари мевали дарахтларни совуқ уриб кетаётгани ҳақида

17 август куни Гидрометеорология хизмати маркази матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Анжуманда масъулларга “Ўзгидромет” ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада эмаслиги сабаб ҳар йили экинларни совуқ ураётгани ва иқтисодиётга катта зарар етаётгани ҳақида савол берилди.

“Ўзгидромет” бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаевга кўра, хизмат томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига об-ҳаво маълумотлари доимий тарзда аввалдан тақдим этиб борилади.

“Биз Қишлоқ хўжалиги вазирлигига талаб даражасида доимий тарзда маълумотларни бериб борамиз. Бу йиллар давомида келган. Бизда 100 йилдан бери кузатув бор.

Биз ҳозир бошқача принципга ўтдик ва бу яхши натижа беряпти. Унга кўра, биз тўғридан тўғри кластерлар ва йирик фермерлар билан ишладик. Бунда уларнинг иқтисоди яхшиланди, даромади ошди.

“Ўзгидромет” бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев

Бу ерда биздаям камчилик бор. Биз хизматимизнинг мижозбоплигини йўқотганмиз. Авваллари бизнинг қишлоқ хўжалигидаги ишимиз асосан йирик майдондаги экинлар учун мослашган бўлган.

Биз эндиликда порталдаги маълумотларни экиладиган экинга қараб ишлатишга ўтишимиз керак. Бизга бу йил аграр йўналишдаги 12 та метеостанция келяпти. Бу билан бизда хизмат тури 9 тадан 13 тага кўпаяди.

Биз ўз ишимизни шартномавий қиламиз деганимда кўпчилик асосий мақсад пул деб ўйлади. Йўқ, пул эмас, мижозбопликни ошириш. Деҳқон қандай уруғ экишидан қатъи назар, бизнинг маълумотлардан манфаатдор бўлиши керак. Европада шунга ўтиб бўлинган.

Бу йил сентябрдан биз соҳада ўзгариш кўрсатамиз”, – деди Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

Мавзуга оид