Ўзбекистон | 11:40 / 18.08.2021
12034
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистон билан савдо алоқалари қайта тикланишини кутмоқда

Илгари «Термиз-Ҳайратон» кўпригидаги назорат-ўтказиш пункти орқали йилига 5 миллион тоннагача турли юклар олиб ўтилган, уларнинг қарийб 70 фоизи Афғонистон орқали Покистон портларига олиб борилган, деди Ўзбекистоннинг энг йирик логистика терминали - «Термиз Карго Маркази» директори.

Тошкент ва Кобул ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, Афғонистондаги вазият ҳокимият ўзгариши туфайли кескинлашганига қарамай, тез орада тикланиши керак. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон жанубидаги энг йирик логистика терминали - «Термиз Карго Маркази» директори Нодирбек Жалилов ТАСС мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

«Ишончим комилки, яқин ҳафталарда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми нафақат тикланади, балки ортиши мумкин», деди Жалилов. Унинг фикрича, Афғонистон билан савдо-сотиққа бу мамлакат расмийларининг коррупцияси катта таъсир кўрсатган.

«Ашраф Ғани даврида коррупция барча соҳаларга, хусусан, халқаро юк ташиш соҳасига кириб келди. Одатда, бу ерда, «Термиз-Ҳайратон» назорат-ўтказиш пунктида экспортчилар ва транзитчилар барча божхона тўловларини тўлаган, лекин кейин, Афғонистон орқали ўтаётганда, улардан яна уч-тўрт марта пул ундиришган», дея тушунтирди Жалилов. Унинг сўзларига кўра, толиблар олдинги ҳукмронлик даврида бундай коррупция ҳолатларига қаттиқ чора кўрган.
 
Жалиловнинг маълумотига кўра, бундан олдин «Термиз-Ҳайратон» кўпригидаги назорат-ўтказиш пункти орқали ҳар йили 5 миллион тоннагача турли юклар ташилган, уларнинг қарийб 70 фоизи Афғонистон орқали Покистон портларига олиб ўтилган. Ўзбекистон Афғонистонга асосан ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб берган, Афғонистон эса қуритилган меваларини Ўзбекистон орқали транзит қилиб Европага олиб чиққан.

Июль ойи охирида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Жўрабек Тўраев ТАССга Афғонистон чегарадош минтақанинг жиддий савдо-иқтисодий шериги эканини айтган. Ҳозир ҳудудда 180дан ортиқ Ўзбекистон-Афғонистон қўшма корхонаси фаолият кўрсатмоқда. 

Толиблар 15 август куни Кобулга жангсиз кирди ва бир неча соат ичида Афғонистон пойтахти устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани қон тўкилмаслиги учун истеъфога чиққанини ва мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ғарб давлатлари ўз фуқаролари ва элчихона ходимларини эвакуация қилмоқда. Толиблар вакилларига кўра, мамлакатда уруш тугади. Бироқ, экспертларнинг фикрича, қандайдир барқарорлик ва иқтисодий тикланиш ҳақида гапиришга ҳали эрта, бунга Афғонистондан доимий қочқинлар оқими исбот бўла олади.

Мавзуга оид