Жаҳон | 07:16 / 19.08.2021
58797
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги 20 йиллик уруш қурбонлари сони маълум қилинди 

2021 йил апрель ҳолатига кўра, Афғонистонда охирги 20 йил давом этган уруш вақтида 241 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Бундай маълумотларни Уотсон жамоатчилик ва халқаро масалалар институти эълон қилди. Ушбу статистикада “Толибон” 2021 йил баҳорда ўз ҳужумларини бошлагандан кейинги қурбонлар ҳисобга олинмаган.

“2001 йилдан бери Афғонистон ва Покистондаги жанговар ҳаракатлар ҳудудида 241 мингга яқин одам ўлдирилган. Улардан 71 мингдан кўпроғи тинч аҳоли бўлган”, деб айтилган хабарда.

Таъкидланишича, жанговар ҳаракатлар тўхтаган кезларда ҳам портламай қолган ўқ-дорилар ва миналар сабабли одамлар ўлиши, жароҳатланиши ва мажруҳ бўлиши давом этган.

Афғонистонда 2001 йилдан аввалги уруш ва ихтилофлар афғон халқини жорий уруш оқибатлари олдида жуда заифлаштирди. Ушбу уруш оқибатлари тоза ичимлик суви етишмаслиги, нотўғри овқатланиш ва тиббий ёрдам камайгани сабабли юқори касаллик даражасини ўз ичига олади. Барвақт ўлим билан боғлиқ деярли барча омиллар – ночорлик, тўйиб овқат емаслик, ёмон санитар шароитлар, тиббий ёрдам ололмаслик, атроф-муҳит ҳолатининг ёмонлашиши жорий уруш билан янада кучайди. 

Мавзуга оид