Жамият | 19:44 / 19.08.2021
28123
5 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйлар орасига янги кўп қаватли уй. Навбатдаги низо Чилонзорда

“Турар жой мавзеларида тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти”, деганди президент Шавкат Мирзиёев яқинда берган интервьюсида. Давлат раҳбари бу муаммога “баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги”ни сабаб сифатида кўрсатганди. Айни муаммо шу кунларда пойтахтдаги Катта Чилонзор маҳалласида долзарб бўлиб турибди.

Тошкентда кўп қаватли уйлар орасига аҳолининг хоҳиш ва истакларига қарши ўлароқ янгидан янги турар жойлар қуриш амалиёти давом этяпти.

Kun.uz'га Чилонзор тумани Катта Чилонзор-1 маҳалласи 3-, 5- ва 11- уйларда яшаётган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Улар уйларининг оралиғидаги автотураргоҳ ери тадбиркорга кўп қаватли турар жой мажмуаси қуриш учун бериб юборилаётганидан хавотирда.

“Биз шу ҳудудда яшаймиз. Дастлаб уйларимиз оралиғидаги ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилиши ҳақида айтишди. Тадбиркор пуллик автотураргоҳ қурди.

Орадан вақт ўтиб, тадбиркор келиб бу ерга кўп қаватли уй қурмоқчи эканини маълум қилди. Қандай қилиб бу ерга кўп қаватли уй қуриши мумкин? Қайси қонунларга тўғри келади?

Уйларимиз эски. Бу ерда қурилиш бошланса, уйларимизнинг фундаментига таъсир қилади. Бундан ташқари, кўпчиликнинг ётоқхонаси айнан шу томонга қараган. Кўп қаватли уйлар қуриладиган бўлса, бир-бирига кўриниб қолади.

Чилонзор тумани коммунал тизими, коммуникация ва трубалари шундоқ ҳам аянчли аҳволда эканини ҳисобга олсак, бу ерга қўшимча 9 қаватли турар жой биноси қурилиши коммунал тизимга ортиқча юклама бўлади ва коммунал тизим ишдан чиқиш ҳолатларини янада кўпайтиради. Ундан ташқари, одамлар автомобилларини сақлаши учун маҳаллада бошқа жой йўқ.

Фуқароларимиз билан йиғилиб, бу жойда автотураргоҳ ўрнига кўп қаватли турар жой қурилишига қарши эканимизни билдирдик ва баённомалар расмийлаштирдик. Кўплаб жойларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти”.

Маҳалла аҳлининг умумий эътирози шулардан иборат.

Чилонзор тумани ҳокимлигининг Архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш мажмуаси бош мутахассиси Мирсаид Мирсобировнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 19 майдаги 435-сонли қарори ва 2021 йил 21 майдаги 595-сонли қарорлари билан тегишли ер майдони “Ishonch-imon” МЧЖга ажратиб берилган.

“Бу борада Чилонзор тумани ҳокимлиги қарор қабул қилмаган. 2017 йил 24 январдаги туман ҳокимининг фармойишида эса белгиланган манзил “Ishonch-imon” МЧЖга ободонлаштириш мақсадида бириктириб берилган”, – деди Мирсаид Мирсобиров.

Маълум бўлишича, “Ишонч-Имон” МЧЖ 2021 йил 1 апрелгача юқоридаги уйларда яшовчи фуқаролар билан шартнома тузиш орқали пуллик автотураргоҳ хизматларини кўрсатиб келган.

Орадан 3 йил ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 19 майдаги қарори асосида “Ишонч-имон” МЧЖга ер участкасини захиралаш ва инвестиция шартномасида кўрсатилган талабларни бажариш шарти билан ушбу ерга кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун 0,19 гектарли ер участкасини захиралаш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга рухсат берилади.

YWDtZFFj_ovkYPwBBUm7Eq3qzLQ0RIvt.jpg (1280×960)

Фуқаролар эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолат бўйича тадбиркорга ерни ажратиб берган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муносабати билан қизиқдик. Ҳокимлик вакили “бу масаладаги қарор қонуний чиққани”ни билдирди.

“Аввалига тадбиркорга захиралаш бўйича ҳужжат чиққан, ижтимоий мажбуриятни бажарганидан кейин унга доимий фойдаланишга деб шу қарор чиқарилган”, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги изоҳида.

Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида мазкур масалага алоҳида тўхталган эди.

“Турар жой мавзеларида тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти. Кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда.

Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда”, деганди президент.

Аҳолининг хоҳиш-истакларига қарши бораётган маҳаллий амалдорлар жиллақурса давлат раҳбарининг гапларига қулоқ солишар, деб умид қиламиз.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилла Исроилов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид