Ўзбекистон | 08:32 / 19.08.2021
5109
2 дақиқада ўқилади

Қонунга хилоф равишда ўтказилган тендерлар натижасида бюджетга 19 млрд сўм зарар етказилган 

Қонунга хилоф равишда ўтказилган тендерлар натижасида давлат бюджетига 19,6 млрд сўм зарар етказилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтган бир йил давомида коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ 34 та жиноят иши қўзғатилиши таъминланган.

“Соҳалар кесимида ўрганилганда, қурилиш соҳасида — 11 та, соғлиқни сақлаш соҳасида — 7 та, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида — 4 та, олий таълим соҳасида — 3 та, халқ таълими соҳасида — 3 та, давлат харидлари соҳасида — 2 та, сув хўжалиги соҳасида — 2 та, бошқа соҳаларда — 2 та жиноят содир этилгани аниқланди”, деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари.

Қайд этилишича, Андижон, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ва бошқа буюртмачи ташкилотларида жами 461,3 млрд сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объекти ўрганилган.

Ўрганишда, Андижон вилоятида — 18 та, Жиззах вилоятида — 11 та, Навоий вилоятида — 7 та танлов ва тендерларни қонунга хилоф равишда ўтказилиб, қурилиш объектларида давлат бюджетига турли кўринишда 19,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Мавзуга оид