Ўзбекистон | 11:37 / 20.08.2021
19759
2 дақиқада ўқилади

«Пенсионерларга пластик карта бердик, лекин қишлоқда банкомат йўқ эди» – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашув чоғида яқин ўтмишда нақд пул билан бўлган муаммоларга ҳам тўхталди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Яқин ўтмишни қаранглар, пенсионерларга пластик карта бердик. Лекин бирорта қишлоқда банкомат йўқ эди. Бечора қарияларимиз ўз пулидан 30 фоизгача йўқотишди. Мана шу муаммоларни бартараф қилдик.

Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни ва яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз. Айнан қоғозда эмас, амалда!

Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда. Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади.

Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради. 

Ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Энди, бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман деб, бош қотиришга зарурат қолмайди. 

Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш-сотишгача бўлган барча жараёнлар, электрон тарзда, онлайн ҳал этилади. Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам, камида 10 триллион сўмлик бозор яратади”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид