Ўзбекистон | 09:05 / 20.08.2021
1832
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қарздор ота фарзандлари вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 60 миллион сўм алимент тўлади

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида қарздор ота 3 нафар фарзанди вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 60 миллион сўм алимент пулини олдиндан тўлаган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судининг қарорига асосан қарздор Миришкор тумани, "Калта" МФЙда яшовчи У.Бектошевдан ундирувчи Янги Миришкор қишлоғида яшовчи Н.Узоқовага вояга етмаган 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Суд ижро ҳужжати МИБ Миришкор туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Қайд этилишича, жорий йил 18 август куни тарафлар ижро ҳужжати юзасидан ўзаро келишувга эришган. Қарздор ота фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган алимент пулларини бирданига тўлаб беришни маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан давлат ижрочилари томонидан қарздор ва ундирувчига ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Холислар иштирокида 60 миллион сўм нақд кўринишидаги пул маблағлари тилхат асосида Н.Узоқовага топширилган ва томонларнинг розилиги билан мазкур ижро иши тегишли тартибда тугатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид