08:37 / 21.08.2021
14080

Қибрай тумани ҳокимлиги собиқ ходимларининг фирибгарлиги аниқланди - ИИВ

2021 йил 17 август куни Ички ишлар вазирлигига фуқаро Я.Н. ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, у ўз аризасида Тошкент вилояти, Қибрай туманида яшовчи А. ва О. исмли шахслар ҳокимият томонидан уларга 49 йилга ижарага берилган 7 гектар ер майдонини сотиб, ҳокимиятда ишловчи танишлари орқали Я.Н.нинг номига расмийлаштириб беришга ваъда бериб, эвазига 225 000 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, жорий йил 18 август куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, ДХХ Шайхонтоҳур тумани бўлими ҳамда ИЖҚК Департаментининг Шайхонтоҳур тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани 19-мавзедаги «Қариялар оромгоҳи» олдида ўтказилган тезкор тадбир давомида, А.О. ариза муаллифи Я.Н.дан талаб қилинган 225 000 АҚШ долларидан 5 000 долларини олган вақт ашёвий далиллар билан ушланган.

А.О. билан олиб борилган суриштирув ишлар давомида, у аризачи Я.Н.дан олган 5 000 АҚШ долларини ер эгаси Т.Р.га бериши кераклигини билдиргани сабабли тезкор тадбир давом эттирилиб, 2021 йил 19 август куни 2011-2018 йиллар Қибрай туман ҳокимиятида масъул лавозимларда ишлаган Т.Р. ва А.М. Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Ўткир маҳалласида А.О.дан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 19 август куни Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан А.О., Т.Р. ва А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top