Меркель “Шимолий оқим-2” қурол сифатида қўлланса, Россияга қарши санкциялар киритилиши билан таҳдид қилди
Германия Россия “Шимолий оқим-2” газ қувурини қурол сифатида қўллашга ҳаракат қилса, Москвага қарши янги санкциялар киритишни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель Киевга ташрифи доирасида айтиб ўтди. Бироқ унинг таъкидлашича, Украина Европа 25 йилдан кейин Россиядан газ олишни тўхтатишига тайёр туриши лозим.
“Украина томонининг хавотирланишини жиддий қабул қиламиз. Шу сабабли Москвадаги музокаралар вақтида бу муаммони кўтардим ва Россия ўз мақсадига эришиш учун газ қувуридан қурол сифатида фойдаланса, унда Европа доирасида унга қарши янги санкциялар киритилишини қўллаб-қувватлашимизни айтдим”, деб таъкидлаб ўтган Меркель Украина президенти Владимир Зеленский билан матбуот анжуманида.
Канцлернинг айтишича, Европа 25 йилдан кейин Россия газига боғлиқ бўлмайди. “Энг кечи билан 25 йилдан кейин Европада Россиядан газ умуман экспорт қилинмайди ёки жуда оз миқдорда олинади. Украина бунга тайёр туриши лозим. Украина қолган давлатлар каби ушбу ҳолат юз берганда, нима қилиши кераклигини билмоғи лозим. Мисол учун, водород бўйича ҳамкорлик қилиш мумкин. Бироқ бу лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш лозим, 2024 йилда у газ ўрнини боса олмайди”, деб таъкидлаб ўтган Германия етакчиси.
Меркель Киевга ташрифи олдидан Москвада бўлиб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашганди.