Толиблар Россия элчихонасидан Панжшердаги қаршилик кучларига “сиёсий сигнал” етказишни сўрашди
“Толибон” ҳаракати вакиллари Россиянинг Афғонистондаги элчихонасига ташриф буюришди ва Панжшердаги қаршилик кучлари етакчиларига сиёсий келишувга тайёрликлари ҳақида “сигнал” етказиб қўйишни сўрашди. Бу ҳақда Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Россия элчихонасига толиблар сиёсий офисининг юқори лавозимли вакили келган. “У Россия Афғонистондаги турли сиёсий кучлар орасида катта нуфузга эгалигидан фойдаланиб, панжшерликларга сиёсий сигнал етказишни сўради”, деб айтган Жирнов.
Россия элчисининг таъкидлашича, толиблар Панжшер етакчиларига улар ушбу ҳудудга киришга ҳали бирорта уринишни амалга оширмагани ҳамда вазиятни сиёсий келишув орқали тинч йўл билан ҳал қилишга умид қилишаётганини етказишни сўрашган. Жирновнинг айтишича, толиблар қон тўкилишини исташмаяпти ва мулоқотга тайёрлар.
Россия вакилининг таъкидлашича, Кобулда вазият 8 кундан бери осойишта қолмоқда ва элчихона вакиллари бунга ўз кўзлари билан ишонч ҳосил қилиш учун шаҳарга чиқишган. “Кобулда дўконлар ишлаб турибди, ҳаммаси рисоладагидек кетмоқда. Толиблар Кобул аэропортида ҳам тартиб ўрнатишни бошлашди. Пойтахтда толибларга қарши намойишлар ўтказилмаяпти”, деб таъкидлаб ўтган Жирнов.
Айни вақтда Панжшерда толибларга қарши кучлар тўпланмоқда. Қаршилик кучларига таниқли дала қўмондони, 1980-йилларда ушбу водийни советлардан муваффақиятли ҳимоя қилган, кейин 1990-йилларда фуқаролик уруши вақтида толибларга қарши улкан ғалабаларга эришган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ асос солишган.
Аҳмад Масъуд агар толиблар бу ҳудудга ҳужум қилса, қатъий жавоб қайтарилишини маълум қилган. Аммо айрим экспертлар Панжшер шу вақтгача таслим қилинмаганининг сабаби – толиблар бу ҳудудга жиддий ҳужум уюштирмагани эканини айтишмоқда.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:13 / 23.11.2024
Кремл янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
18:44 / 23.11.2024