Жаҳон | 23:42 / 23.08.2021
12347
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Афғонистонга ёрдам етказиш учун зудлик билан ҳаво йўлаги таъминланишини талаб қилди 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миллионлаб ёрдамга муҳтож афғонларга зарур ёрдам кўрсатилиши учун зудлик билан таъминланишини талаб қилди. 

Фото: Reuters

ЖССТда таъкидланишича, Афғонистонга жорий ҳафтада етказилиши керак бўлган 500 тонна дори-дармон, жумладан, жарроҳлик қурилмалари ва тўйиб овқат емаслик асоратларини даволаш учун тўпламлар Кобул аэропортидаги чекловлар сабабли етказилмай қолиб кетмоқда. Бошқа инсонпарварлик ташкилотлари ҳам шундай муаммоларни ҳис қилмоқда. 

ЖССТ Афғонистонга мунтазам равишда ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ёрдам етказиш имконини берадиган ҳаво йўлаги ажратилишини талаб қилмоқда.

Ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори Ричард Бреннаннинг айтишича, Афғонистоннинг деярли ярим аҳолиси – 18,5 млн киши инсонпарварлик ёрдамига кўз тикиб турибди ва уларнинг эҳтиёжлари қурғоқчилик сабабли янада кўпаяди. Бироқ Кобул аэропортининг ёпилиши ёрдам етказилишини ортга сурмоқда.

“Бутун дунёдаги нигоҳлар Афғонистондан эвакуация қилинаётган одамлар ва учиб кетаётган самолётларга қадалган бир пайтда биз ортда қолганларга ёрдам бериш учун захираларни етказишимиз керак”, деб айтган Бреннан.

Таъкидланишича, ЖССТнинг толиблар ҳокимиятни эгаллаган илк кунлардаги устувор вазифаси ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўлган, бироқ ҳозирда ташкилот бутун эътиборини Афғонистонда қолаётган миллионлаб одамларга ёрдам беришга тўлиқ қаратган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид