Жамият | 09:53 / 23.08.2021
1281
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ер талашиб собиқ маҳалла раисини урган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи собиқ маҳалла раиси далада қўй боқиб юрган пайтида фуқаролардан бири калтаклаб тан жароҳати етказгани, бу хусусда ИИБ зўравонга чора кўрмаётганини айтиб видеомурожаат эълон қилган. Вилоят ИИБ мазкур видеомурожаат бўйича муносабат билдирди. Унда ёзилишича, собиқ маҳалла раисини калтаклаган шахсга жиноий иш қўзғатилган.

Муносабатда маълум қилинишича, Муборак тумани Кўҳнашаҳар маҳалласида яшовчи фуқаро С.Ж. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда 2021 йил 28 май куни соат 13:30ларда йўқолиб қолган молларини қидириб юрганида, Муборак тумани Кўҳнашаҳар маҳалласи чўл ҳудудида қўйларини боқиб юрган фуқаро Т.П.дан молларини қўрган ёки қўрмаганини сўраганида улар ўзаро тортишиб қолишган. Оқибатда Т.П., С.Ж.нинг боши, юзи, қўл соҳаларига қўллари билан уриб, тепган. Сўнг совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашё — С.Ж.нинг йўл халтасидан тушиб қолган болт ва гайкаларни бураш учун ишлатиладиган тарқатувчи калит билан С.Ж.нинг боши ва қўлларига ўта шафқатсизлик билан уриб қасддан тан шикасти етказган.

Қайд этилишича, 2021 йил 19 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Т.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми «г» ва «м» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айб эълон қилиниб жиноий иш қўзғатилган. Т.П.га нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноий иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айблов хулосаси тузиш билан тамомланиб, Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судига юбориш учун назорат тартибида Муборак туман прокурорига юборилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан қилинган мурожаатга эътиборсизлик қилган Муборак туман ИИБ ҲПБ ходими, Кўҳнашаҳар маҳалласи профилактика инспектори лейтенант Б.Ихтиёровнинг ҳаракатлари Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид