Жаҳон | 19:01 / 23.08.2021
7096
3 дақиқада ўқилади

“Толибон” АҚШга эвакуация учун қўшимча вақт бермаслигини маълум қилди

АҚШ ва Британия Афғонистондан қўшинларни эвакуация қилиш учун қўшимча вақт олмайди. “Толибон” вакили Суҳайл Шаҳин SkyNews британ телеканалига берган интервьюсида шундай огоҳлантириш билан чиқди.

Фото: EPA

Унинг таъкидлашича, толиблар хорижий давлатлар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши муддатини узайтиришга рози бўлмайди. Агар хорижий қўшинлар белгиланган муддатгача мамлакатни тарк этмаса, унда толиблар томонидан бунга тегишли жавоб бўлади.

“Бу “қизил чизиқ”. Президент Байден 31 августгача барча ҳарбийлар олиб чиқилишини айтди. Агар улар бу муддатни сурсалар, унда бу оккупациянинг давом этиши эканини англатади. АҚШ ва Британия эвакуация учун қўшимча вақт олишни истагудек бўлса, бизнинг жавоб “йўқ” бўлади. Улар ушбу ҳолатда бунинг оқибатларига тўқнаш келади”, деб айтган Шаҳин.

“Толибон” вакили ҳокимият тепасига толиблар келгандан кейин минглаб афғонлар Афғонистонни тарк этишни истаётганини “иқтисодий мотивлар” билан тушунтирди. Унинг фикрича, бунинг сабаби уларнинг “Толибон” олдидаги қўрқуви ҳисобланмайди.

 “Улар шунчаки ғарб давлатларида яшашни исташмоқда ва бу ўзига хос иқтисодий миграциядир, чунки Афғонистон ночор давлат ва мамлакатнинг 70 фоиз аҳолиси ночорликда яшайди. Шу сабабли барча яхши ҳаёт илинжида ғарб давлатларига кетишни истамоқда. Гап уларнинг қўрқаётганида эмас”, деб айтган “Толибон” вакили.

Бу орада CNN телеканалининг хабар беришича, Вашингтон эвакуация қилинадиган одамларни танлаб олишдаги сиёсатини ўзгартирмоқда. 23 августдан Кобул аэропортига фақатгина америкаликлар, грин-карталар соҳиблари ва НАТО давлатлари фуқаролари қўйилади. Телеканалнинг таъкидлашича, эндиликда мамлакатни тарк этувчи номзодларни саралашда толиблар кўмак кўрсатмоқда.

Хабарларга кўра, аэропортда хаос сақланиб қолмоқда. Бунинг сабабларидан бири АҚШ элчихонаси томонидан мамлакатни тарк этиши керак бўлган номзодларга исм-шариф ва ҳужжат рақами кўрсатилмаган бўш электрон визалар жўнатилгани ҳисобланади. Натижада бундай визаларни олган афғонлар уларнинг скриншотларини аэропортга киришга ҳуқуқи бўлмаган бошқа афғонларга жўнатган. Бунинг оқибатида тартибсизлик юзага келган.

Охирги маълумотларга кўра, 23 августда аэропортда АҚШ ва Германия ҳарбийлари ҳамда номаълум кишилар ўртасида отишма юз берган. 

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден америкалик ҳарбийлар ва АҚШга ёрдам кўрсатган афғонлар эвакуацияси муддатларини узайтириш масаласини муҳокама қилаётганини маълум қилганди. Унинг айтишича, бу масала бўйича якуний қарор АҚШ белгиланган муддатгача қанча одамни эвакуация қилишга улгуришига боғлиқ бўлади.

Мавзуга оид