Жаҳон | 21:31 / 24.08.2021
9950
2 дақиқада ўқилади

Хитой Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши учун АҚШ ва Британияни жавобгарликка тортишга чақирди

Фото: Rahmat Gul / AP

Хитой АҚШ, Британия ва Австралия ҳарбийлари Афғонистонда инсон ҳуқуқларини бузгани учун ушбу давлатлар жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган махсус йиғилишида Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чэн Сюй айтиб ўтди.

“АҚШ, Британия, Австралия ва бошқа давлатлар ўз ҳарбийлари томонидан Афғонистонда инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортилиши керак”, деб айтган Хитой вакили. Унинг таъкидлашича, “АҚШ ва бошқа давлатлар демократия ва инсон ҳуқуқлари байроғи остида мустақил давлатларда ҳарбий аралашувни амалга оширмоқда ҳамда ўз тарихи ва маданиятига эга ушбу давлатларга ўз моделини тиқиштирмоқда”. Бундан ташқари, улар ушбу давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузмоқда ва уларнинг халқларига кўп азоб-уқубат етказмоқда.

“Фактлар муаммони куч ва ҳарбий воситалар билан ҳал қилиш ечим эмаслигини ва улар минтақавий барқарорлик ҳамда инсон ҳуқуқларига катта зиён етказишини яна бир бор кўрсатди”, деб айтган Чэн Сюй.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 31-махсус сессияси Покистон ва Афғонистон илтимосига кўра ўтказилмоқда. Йиғилиш олдидан эълон қилинган резолюцияда Афғонистондаги ихтилофнинг барча томонларидан халқаро ҳуқуққа кўра ўз мажбуриятларига амал қилиш ва зўравонликни тўхтатиш қатъиян сўралган. Ҳужжатда Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш лозимлиги, мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги хабарлар шаффоф ва тез тергов қилиниши ҳамда айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклиги айтилган.

Мавзуга оид