Биз билмаган бетакрор Ўзбекистон – Арашанбулоққа сафар
Ўзбекистонда шундай гўзал гўшалар борки, у ерларни томоша қилиш учун машаққатли йўл босиб бориш керак. Наманган вилояти Поп туманининг тоғли ҳудудларида жойлашган Арашанбулоқ ва унинг атрофидаги кўллар ҳам шундай жойлардан.
Kun.uz ижодий гуруҳи тоғлар орасида жойлашган бетакрор манзилларни тасвирга олиш мақсадида йўлга чиқди.
Аслида 50-60 км масофани текис йўлда босиб ўтиш учун узоғи 1 соат кифоя қилади. Биз юрган йўл ҳам шунча масофа бўлса-да, салкам 5 соат деганда манзилга етиб бордик. Бунга сабаб – йўлнинг адир ва тоғлар оша жойлашгани ҳамда ўта таъмирталаблигидир. Бу тарафларда аҳоли истиқомат қилмайди. Лекин чўпонлар ҳамда туристлар доим шу йўлдан қатнашади.
Денгиз сатҳидан 3–3,5 минг метр баландликда жойлашган бу масканларнинг ҳавоси жуда тоза.
Ёз ойларида ҳам ҳаво ҳарорати унчалик юқори эмас. Кўп ёмғир ёғади. Бу ердаги энг чиройли манзаралар, шубҳасиз, тоғлар орасидаги кўллардир.
Бу томонларга келадиганларнинг асосий манзили Арашанбулоқ ҳисобланади.
Булоқ анча баландликда, иқлими совуқ жойда жойлашган бўлса-да, унинг суви иссиқ ҳолда чиқади.
Биз булоққа яқинлашганимизда қуёш ботиб, ёмғир ёғишни бошлаган эди. Булоқ атрофига чодирлар тикилган ва ташриф буюрувчилар тунни шу ерда ўтказишга тайёргарлик кўришаётганди.
Ташриф буюрувчилар орасида Фарғона, Андижон, Тошкент ва яна бошқа вилоятлардан ҳам бор.
Тунни биз ҳам ўша ҳудудда, машинада ўтказдик. Ёзнинг июл ойи бўлишига қарамай, машина ташқарисида ҳаво анча совуқ эди.
Тонг отиши билан бетакрор манзарадан баҳра олиб, сўнг ортимизга қайтдик. Бундай масканларга келган киши руҳан тетиклашади, ижобий энергия олади.
Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Боймирза Халилов
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
15:30 / 13.11.2024
Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди
22:25 / 12.11.2024