Жаҳон | 19:45 / 26.08.2021
72319
3 дақиқада ўқилади

Кобул аэропортида портлаш. Қурбонлар бор

ОАВда камида 13 киши портлаш қурбони бўлгани айтилмоқда, ўнлаб кишилар яраланган.

Кобул аэропорти яқинида портлаш рўй берди, бу маълумот Пентагон расмийси Жон Кирби томонидан тасдиқланди.

«Қурбонлар ва жабрланганлар сони ҳозирча аниқ эмас. Биз жамоатчиликни тезкор равишда хабардор қилиб борамиз», деган Кирби.

Портлаш Кобул аэропортига кириш қисмида, юзлаб кишилар тўпланган ҳудудда содир бўлган.

Al-Jazeera маълумотига кўра, портлашдан кейин аэропорт жойлашган ҳудудда отишма овози эшитилган. Франциянинг Афғонистондаги элчиси Давид Мартинон навбатдаги портлашлар хавфи ҳақида огоҳлантириб, аэропорт ҳудудидан узоқроқда бўлишга чақирган. Туркия мудофаа вазирлиги эса аэропорт ҳудудида икки марта портлаш бўлганини айтмоқда.

Sky News Arabia телеканали хабарига кўра, аэропортга кириш эшиги олдида ҳудкуш портловчи қурилмани ишга туширган. Reuters ҳам Пентагондаги манбасига асосланиб бу маълумотни тасдиқлади.

Портлашдан жабрланганлар ва қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. 

Al-Arabia телеканали портлаш қурбонлари сони камида 10 нафар экани ҳақида хабар тарқатган.

Fox News портлаш оқибатида камида уч нафар америкалик ҳарбий жароҳатланганини хабар қилди.

«Толибон» расмийси Забиҳулло Мужоҳид ҳам теракт ҳақида маълумот бериб, портлаш оқибатида ҳаракатнинг аэропортни қўриқлашга жалб этилган кўплаб ходимлари яралангани, теракт камида 13 кишини ҳаётдан олиб кетганини, қурбонлар орасида болалар ҳам борлигини маълум қилди.

АҚШ, Британия ва Германия ўз махсус хизматлари маълумотларига асосланиб, пайшанба куни тонгидан аэропорт ҳудудида терактлар рўй бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бера бошлаганди.

Теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими ўз зиммасига олди, ташкилот янги терактлар содир этилишини маълум қилди.

  • Кобул аэропорти — ҳозирда Афғонистондан учиб кетиш мумкин бўлган ягона жой. 15 августда мамлакатда ҳокимият толиблар қўлига ўтгач, ҳар куни аэропортга хорижий мамлакатларнинг эвакуация рейслари орқали мамлакатдан чиқиб кетишни мақсад қилган минглаб кишилар оқиб кела бошлади. 

Мавзуга оид