Ўзбекистон | 20:01 / 27.08.2021
15530
11 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастурини эълон қилди

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод, амалда партия ижро қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов 27 август куни партия қурултойида сўзга чиқиб, ўзининг сайловолди дастурини тақдим этди.

Дастур учун “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори танланган. Kun.uz Нарзулло Обломуродовнинг асосий ғояларини келтириб ўтади.

Экологик партия етакчиси сайловда ғалаба қозонса, энг аввало “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ғоясини илгари суради.

“Дунёнинг бугунги қиёфаси, тиклаб бўлмас экологик фалокатлар ва атроф-муҳитга етказилаётган улкан зарарлар мана шуни тақозо этади.

Ўзбекистон 2019 йилда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясини қабул қилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас”, – деди Обломуродов.

Партия ушбу ғояни амалга оширишда устувор вазифалар этиб қуйидагиларни белгилаган:

  • давлат бюджети, банк ва молия институтлари, хусусий сектор маблағларини экологик тоза, энергия тежамкор лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган “яшил” молиялаштириш тизимини ривожлантириш;
  • давлат харидлари тизимида “яшил” харидларга устуворлик бериш;
  • “яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, саноат корхоналарининг “яшил” технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш;
  • мамлакат иқтисодиётида “яшил иқтисодиёт” улушини 30 фоизга етказиш, шу асосда йиллик иқтисодий ўсиш суръати 7 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш;
  • қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия ишлаб чиқарувчиларга кенг иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • давлат томонидан “яшил” иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий малакали кадрларни тайёрлаш;

Президентликка номзодга кўра, “яшил иқтисодиёт” тамойиллари мамлакат миқёсида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш имконини беради.

“Шунингдек, “яшил” тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи ва муқобил қайта тикланувчи энергия манбалари улушини бугун мамлакатда амал қилаётган умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш имкониятига эга бўламиз”, – деди у.

Саноат чиқиндилари масаласи

Нарзулло Обломуродов Саноат чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг 10 йиллик стратегиясини ишлаб чиқишга ваъда берди.

Унга кўра, саноат корхоналарида йилига ўртача 109 млн тонна саноат чиқиндилари ҳосил бўлади, бугунги кунда уларнинг 6,5 млн тоннаси, яъни 6 фоизигина қайта ишланмоқда.

Саноат чиқиндилардан 91,5 млн тоннаси, яъни 84 фоизи Навоий ва Тошкент вилоятларида фаолият олиб бораётган саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Мавжуд 9,5 минг гектар майдондаги 75 та саноат чиқинди полигонларида 3,3 млрд тн саноат чиқиндилари сақланмоқда.

“Ўзбекистон Республикасида саноат чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг 10 йиллик стратегиясини ишлаб чиқиш зарур”, – деди яшиллар партияси етакчиси.

Ичимлик суви таъминоти ва канализация муаммолари

Нарзулло Обломуродов ичимлик суви таъминоти ва канализация саломатлиги ва хавфсизлиги учун энг муҳим масала бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти бўйича катта ишларни амалга оширишга ҳам ваъда берди.

Унга кўра, ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик сув таъминоти 90 фоизга етказилади.

“Республикадаги барча иншоотлар техник ва технологик жиҳатдан аҳолидан келаётган маиший чиқинди сувларни тозалашга мўлжалланган. Корхоналардан оқизилаётган чиқинди сувлар эса бирламчи локал иншоотларда тозаланиб, сўнг оқова сув тармоқларига ташланиши меъёрларда белгиланган. Афсуски, бу меъёрларга ишлаб чиқариш корхоналари деярли амал қилмайди. Мисол тариқасида – Чирчиқ оқова сувларни тозалаш иншоотидан дарёга оқизилган “рангли сув”. Бир қарашда айбдор аниқ. Бироқ иккинчи томондан, бундай “рангли сув” тозалаш иншоотига қаердан келиб қолди, деган савол туғилиши табиий”, – деди Обломуродов.

Партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисига кўра, унинг дастуридаги яна бир йирик масала – атмосфера ҳавосининг мусаффолигини асраш.

“Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади.

Шунингдек, Экологик партияси илгари сураётган дастурий мақсадлар қаторида биохилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам ўрин олган. Шу мақсадда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш, республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражасини 7,6 фоиздан 15 фоизга етказишга алоҳида эътибор қаратилади”, – деди у.

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш

Ўзбекистон Экологик партияси етакчисининг таъкидлашича, унинг сайловолди дастурида Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.

“Бунинг учун;

  • Орол муаммосини ҳал этишга ҳамда бу муаммонинг Оролбўйи аҳолиси генофондига ва атроф-муҳитига салбий таъсирини юмшатишга жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда Оролбўйи минтақасига экологик инновация ва технологияларни татбиқ этиш ишларини кучайтириш;
  • қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори ва ўрта қисмидан йилига камида 5-6 км³ ҳажмда сув юборилишини таъминлаш;
  • Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш;
  • Оролбўйи ҳудудининг Қозоғистон ҳамда Туркманистон билан туташ ҳудудларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш керак”, – деди у.

Обломуродовнинг қўшимча қилишича, глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газлари таъсирини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам кун тартибидаги долзарб вазифадир.

Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳалар

Президентликка номзоднинг таъкидлашича, у ва унинг жамоаси соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш борасида ҳам ўз режаларига эга.

“Биз аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълим сифати даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда маданий-маърифий соҳаларни янада юксалтиришни давлат ва жамиятнинг устувор вазифалари, деб ҳисоблаймиз”, – деди Обломуродов.

У ушбу йўналишларда қуйидаги режалари ҳақида маълумот берди:

  •  “яшил” тараққиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш;
  • узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларни кенг жорий этиш;
  • олий таълим тизимида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлашни кўпайтириш;
  • мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш;
  • узлуксиз таълим сифатини, мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш;
  • экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтириш, бизнес-инкубатор ва технопаркларни ташкил этган ҳолда инновацион инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилади.

Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари минтақасини яратиш

Нарзулло Обломуродов тадбир давомида сайловолди дастуридаги сўнгги йўналиш – ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалари ҳақида ҳам маълумот берди.

Унга кўра, партия Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари минтақасини яратиш ғоясини илгари сурмоқда.

“Ташқи сиёсатнинг асосий устувор вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаймиз:

  • Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатини минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг асосий муаммоларини, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам беришга қаратиш;
  • Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий муҳофаза этилаётган ҳудудларни барпо этиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратиш;
  • минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий транспорт-транзит инфратузилмасини ривожлантириш;
  • Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнларини давом эттириш;
  • Ҳамдўстлик давлатлари билан ўзаро, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик муносабатларини тенглик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида давом эттириш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни фаол равишда давом эттирган ҳолда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий муаммоларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашамиз”, – деди у.

Партия етакчисига кўра, бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

  • Ўзбекистон манфаатларига мос келувчи экология ва тиббиёт соҳаларида БМТ томонидан қабул қилинган конвенциялар ва халқаро битимларга қўшилиш;
  • глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш;
  • дунёдаги экология йўналишидаги партиялар ва ҳаракатларининг ядровий, кимёвий ва биологик қуролларнинг тарқалишининг олдини олиш ва келгусида уларни бутунлай йўқ қилиш сиёсатида фаол иштирок этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;
  • экологик хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистонда “яшил” тараққиёт тамойилларини жорий этишда самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
  • мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш лойиҳаларини ривожлантиришда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш.

Ўзбекистон Экологик партияси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни фаол равишда давом эттирган ҳолда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий муаммоларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш тарафдоридир”, – деди президентликка номзод Нарзулло Обломуродов.

Мавзуга оид