Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиядаги қатор оммавий ахборот воситалари Путинга кескин мурожаат билан чиқди
Россиядаги қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Дождь”, “Медуза”, “Новая газета”, Forbes ва бошқа қатор таҳририятлар Россия ҳукуматига мурожаат билан чиқди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.
Мурожаат Россия президенти Владимир Путин, ФХХ директори Александр Бортников, бош прокурор Игор Краснов, давлат думаси ва федерал кенгаш раислари Вячеслав Володин ва Валентина Матвиенко ҳамда бошқаларга йўлланган.
Журналистлар мурожаатларида конституция ва ОАВ тўғрисидаги қонунга амал қилишга, “мустақил матбуотга қарши давлат кампаниясини зудлик билан тўхтатишга”, “хорижий агентлар” ва “исталмаган” ташкилотлар тўғрисидаги қонунларни бекор қилишга, норозилик намойишларида ОАВ вакилларини қўлга олиш ва дўппослашни бас қилишга чақирган.
“Журналистлар фаолияти қонун билан қўриқланади. Журналистларнинг таъқиб қилинишига алоқадор мансабдор шахслар жазоланиши лозим”, – дейилади мурожаатда.
Кейинроқ мурожаатга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Кремл мурожаатдаги барча фикрларга ҳам қўшилмайди.
“Мурожаатни кўрдик. Бу анча эмоционал мурожаат. Биз “таъқиб” ҳақидаги фикрга қўшилмаймиз, гап қонуннинг қўлланилиши ҳақида бормоқда. Аммо мурожаат эътиборга лойиқ”, – деди Песков.
Унинг айтишича, Россияда хорижий агент-ОАВ тўғрисидаги қонун бўлиши керак, чунки ташқаридан мамлакатнинг ички ишларига аралашувлар бўлмоқда.
“Ташқаридан бизнинг ички сиёсий жараёнларимизга аралашишга уринишлар бўлмоқда, ана шу мақсадда НТТлар, журналистлар ва ОАВдан фойдаланишмоқда. Бу қонун бўлиши керак ва бўлади ҳам”, – деди Песков.
Путин 2020 йил декабрда жисмоний шахсларни хориж агенти деб тан олиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, сиёсий фаолияти учун хориждан молиявий ёрдам оладиган шахслар ана шундай мақом олади.