Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кадр топиш жуда қийин” — тадбиркор чет эллик мутахассисга минглаб доллар маош тўлаётгани ҳақида
“Оддий мисол, бизнинг текстиль фабрикамизда турк технологлари ишлашади. Уларга ойига 3 минг доллардан 5 минг долларгача тўлаймиз. Ўзимизнинг маҳаллий технологлар эса 4-5 миллион атрофида ойлик олишади”, – дейди Темур Мамадаминов.
МFaktor лойиҳасининг навбатдаги сонида бир гуруҳ жиззахлик тадбиркорлар меҳмон бўлишди. Улардан бири, “Eco Cement” заводи раҳбари Темур Мамадаминов саноатдаги кадрлар танқислиги ҳақида гапириб ўтди.
“Кадрлар муаммоси бошқа соҳаларда ҳам бор, лекин айнан саноатда малакали кадрлар топиш жуда ҳам қийин.
Оддий мисол, бизнинг текстиль фабрикамизда турк технологлари ишлашади. Уларга ойига 3 минг доллардан 5 минг долларгача тўлаймиз. Ўзимизнинг маҳаллий технологлар эса 4-5 миллион атрофида ойлик олишади.
Бу дегани, хорижлик мутахассислар ўзимизникиларга қараганда 10 баробар баландроқ маош олишади. Албатта, уларнинг ишининг сифати ҳам жуда баланд, тажрибаси катта”, – деди Мамадаминов.
Тадбиркор, эски лицей ва коллежларнинг бўш турган биноларида саноат соҳаси кадрларини тайёрлайдиган муассасалар ташкил қилиш керак, дея ҳисоблашини билдирди.
“Бундай таълим масканлари ҳозир ҳам бор, лекин уларга эътибор жудаям кам. Албатта, бу ишларни бир йилда амалга ошириб бўлмайди, лекин яқин 5-10 йилда қилса бўлади.
Ҳозир битта технологга 5 минг доллар ойлик бериб ишлатганимиз билан, ундан узоғи 4-5 та шогирд қолиши мумкин. Лекин малакали мутахассисларни катта пул бериб бўлса-да ўқитиш учун чақирсак, улар келиб биттаси 100 кишига билим беради”, – дейди у.
Темур Мамадаминов унинг жамоаси фақат тўқимачилик эмас, бошқа бир нечта тармоқларда ҳам заводларга эгалик қилишини таъкидлаб, кадрлар муаммоси саноатнинг кўплаб соҳаларида борлигини қайд этди.
Мавзуга оид
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
22:20 / 11.02.2025