Жаҳон | 12:43 / 29.08.2021
3818
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда ноябрь охирида парламент сайловлари бўлиб ўтади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28 ноябрда парламент депутатлари сайлови бўлиб ўтиши ҳақидаги фармонни имзолади.

2021 йилнинг 27 августида Қирғизистон Республикасининг президент ва парламент сайловлари ҳақидаги қонунига киритилган ўзгартиришлар кучга кирди. Қирғизистон конституциясига кўра, парламент 90 депутатдан иборат бўлиб, улар 5 йиллик муддатга сайланади.

Янги ўзгаришларга кўра, парламент сайловлари аралаш тизим бўйича ўтказилади. Жумладан, 54 депутат ягона сайлов округи бўйича пропорционал тизим асосида, 36 депутат эса бир мандатли сайлов округларида мажоритар тизим бўйича сайланади.

Қирғизистонда жорий чақирувдаги парламент депутатлари ваколатлари 2020 йил кузида тугаган эди. Бироқ 2020 йил 4 октябрда Жогорку Кенешнинг янги таркиби сайловларидан кейин ўтган оммавий норозилик намойишлари сайловлар натижаларининг бекор қилиниши ҳамда мамлакат раҳбариятининг алмашишига олиб келди. Мамлакат президенти Сооронбой Жээнбеков, бош вазир Муҳаммадкалий Абилгазиев, парламент спикери Достонбек Жумабеков ўз лавозимларини тарк этишга мажбур бўлгандилар. Жорий йилнинг апрелида эса мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритилган ва уларда президент ваколатларининг кенгайтирилиши ҳамда парламент ва ҳукумат ҳуқуқларини қисқартириш кўзда тутилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид