Спорт | 10:00 / 02.09.2021
15945
2 дақиқада ўқилади

«Бир пайтлар бу рекордга ҳеч қачон етиб бора олмайман, деб ўйлаганман». Роналду Али Даийнинг «ўзгармас» рекордини янгилади

Европа қитъасида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Португалия — Ирландия (2:1) баҳсида мезбонлар 89 ва 90+6-дақиқаларда Криштиану Роналду томонидан урилган голлар эвазига  иродали ғалабага эришишди. 

Шу тариқа Роналду Португалиядаги голларини 111тага етказиб, миллий жамоалар миқёсида энг кўп тўп киритган эронлик собиқ ҳужумчи Али Даийнинг рекордини (109) янгилади.

Ҳужумчи ўйиндан сўнг «инстаграм» саҳифасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ҳатто сўз топа олмаяпман! Хурсандман! Бу — ажойиб туйғу! Олға, Португалия! Фаолиятим давомида мен қўйган рекордлар кўп, аммо буниси билан жуда ҳам фахрланаман.

Мамлакатим шарафини ҳимоя қилишим ўзига хос лаҳзадир, чунки португалияликлар қандай кучга эга эканлигини кўрсатаётганимни биламан. 111та гол бутун дунёдаги миллионлаб португалияликларнинг бирлиги учун. Улар учун қурбон бўлсанг, арзийди. Бу ютуқни юқори баҳолашимнинг яна бир сабаби — Али Даий стандартни шу қадар юқори қўйгандики, ҳатто бир пайтлар рекордга ҳеч қачон етиб бормаслигимни ўйлай бошладим. Рекордни узоқ вақт сақлагани учун Алини табриклайман ва ҳар сафар гол урганимда менга ҳурмат кўрсатгани учун раҳмат айтаман. 

Раҳмат, Португалия! Унутилмас саёҳат учун барча жамоадошларим ва рақибларга ташаккур. Давом этамиз. Ҳозирча ҳисобни ёпмоқчи эмасман», — деб ёзади Роналду.

Шунингдек, 36 ёшли футболчи миллий жамоадаги баҳслар сони бўйича (180) испаниялик ҳимоячи Серхио Рамосга қарашли Европа рекордини такрорлади. Малайзиялик Со Чин Аунга тегишли жаҳон рекордига (195) эса 15та ўйин қолди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид