Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Келгуси икки йилда давлат иштирокидаги корхоналар миқдори камида 3 баробар қисқартирилади» — Сардор Умурзаков
Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг хусусий секторни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилаётган йиғилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзаков эркин бозор иқтисодиётини яратиш учун охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган 6та энг муҳим ўзгаришни санаб ўтди.
«Биринчидан, мамлакатда валюта конвертацияси амалга оширилди ва чиқиб кетган инвесторларнинг муаммолари тизимли ўрганилиб, уларни орқага қайтариш ишлари амалга оширилди. Сармоядорлар учун барча чекловлар олиб ташланди.
Иккинчидан, жорий йилнинг 20 августида биринчи марта Ўзбекистон Президенти ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри мулоқот ўтказилди. Бизнес муҳитидаги долзарб муаммоларни аниқлаб, ечимларни ўрганиш, шунингдек такомиллаштириш бўйича амалий таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди.
Учинчидан, 2021 йил 1 августдан очиқ, бозорга асосланган ер ажратиш тартибини жорий этиш тўғрисида президент фармони кучга кирди. Бу ташаббус ер участкаларини хусусий секторга ҳам мулкчилик, ҳам ижара ҳуқуқи асосида ажратиш, тадбиркорларга эса уларни сотиб олиш ва сотиш объектига айлантириш имконини беради.
Тўртинчидан, биз хусусийлаштириш дастурини бошладик, унинг доирасида Ўзбекистоннинг йирик компаниялари ва банкларидаги давлат улушлари сотувга қўйилди. Келгуси икки йилда давлат иштирокидаги корхоналар миқдори камида 3 баробар қисқартирилади.
Бешинчидан, бугун Ўзбекистонда ижро этувчи ҳокимият ваколатлари босқичма-босқич Парламентга ўтказилмоқда. Қарорлар ҳукумат амалдорлари томонидан эмас, балки фуқаролар ва жамият манфаатларига мос келадиган, яхши ишлайдиган, холис тизим томонидан қабул қилиниши керак.
Олтинчидан, жамиятни босқичма-босқич демократлаштириш узоқ муддатли, прагматик, одамларнинг ҳаётини яхшилашга йўналтирилган сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон демократик давлат ва адолатли жамият қуришга қаратилган радикал ислоҳотларни бошлади, бу ерда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойилини амалга ошириш устувор вазифадир. Биз эркин бозор иқтисодиёти, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига асосланган жамият тамойилларидан четга чиқмаслигимизга кафолат берамиз», деди Сардор Умурзаков.
Мавзуга оид
09:00 / 14.06.2026
“ГАИ”дан таклифлар, реновация қонуни ва қайтариб олинган завод – ҳафта дайжести
12:35 / 04.06.2026
Mobiuz алоқа оператори 351 млн долларга сотилди
17:27 / 02.06.2026
Фарғонадаги Uzsungwoo корхонасининг 50 фоизлик давлат улуши 585,8 млрд сўмга сотилди
11:37 / 28.05.2026