Жамият | 20:51 / 04.09.2021
27506
4 дақиқада ўқилади

“Келажакда электромобил ишлаб чиқармоқчиман” — 17 ёшида C2 сертификат олган Суҳроб

Суҳроб Муродов 17 ёшда. Самарқанддаги 43-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб С2 сертификатини олди. Бу IELTS'да 9 балл демакдир.

Суҳроб Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан мактаб ўқувчилари ва ОТМ талабалари ўртасида ўтказилган “Полиглот” беллашувида республикада 2-ўринни эгаллаган. У Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни орзу қилади.

“Дадам доим бизга вақт ажратади”

— Оилада уч фарзандмиз. Ютуқларимда ота-онамнинг ҳиссаси катта, айниқса дадам ёшлигимдан нимадир ўрганишга қизиқтирганлар. Ишдан кеч келсалар ҳам ҳар куни эринмасдан биз учун вақт ажратардилар, биз шу мавзуда гаплашардик. Интилишларимда бу суҳбатларнинг таъсири катта бўлган.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб CEFR тизимида С2 сертификатини олдим. Бу сертификат IELTS билан таққосланганда 9 баллга тенг келади.

С2 сертификати нуфузли Кембриж университети томонидан 2004 йилдан жорий қилинган бўлиб, дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида оммалашган. С2 – инглиз тилини ўзлаштириш даражасининг энг юқориси. Ҳали Ўзбекистонда бу сертификатни бошқа ҳеч ким қўлга киритмаган. Ҳозирча мен ва устозим Муҳаммадхон Солиев биринчилардан бўлиб унга эга бўлдик.

“Инглиз тилини мустақил ўргана бошлаганман”

— Болалигимда кўп инглизча мультфильмлар кўрардим ва тушунмаганим учун катта қизиқиш пайдо бўларди. Инглизча луғатлар ва интернет орқали таржима қилиб, тушунишга ҳаракат қилардим.

Бошида грамматика қоидаларига, сўз қўллаш қоидаларига унчалик эътибор бермасдим. Ўзимга керакли нарсаларни ўқиб, таржима қилиб ўрганаверганман. Шу тариқа мустақил инглиз тилида гапира оладиган бўлдим. Грамматикасини билмасам ҳам ҳар хил ресурслардан сўзлар олиб бирлаштириб гапираверардим.

Ёшлигимдан ота-онам қўлимга китоб тутқазишган. Болалигимда эртаклар, расмли китобларни яхши кўриб ўқиганман.

“Келажагимни электромобиллар соҳасида кўряпман”

— Мактабни тугатгач, дунёнинг энг нуфузли университетларида ўқимоқчиман. У ерда олган билимимни бирлаштириб, Ўзбекистонда катта инновацион ғояларни амалга оширмоқчиман. Аниқроғи сунъий интеллект йўналишини ривожлантиришни, шу соҳани янада оммалаштиришни мақсад қилганман.

Электромобилларга қизиқаман. Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ният қилганман. Ҳозир шунга оид китоблар ўқияпман, компьютерда электромобилларни дастурлашни ўрганяпман, бу бўйича бошланғич билимларим бор. Сунъий интеллект технологиялари бўйича етарли билим олиб, асосий эътиборимни шу йўналишга қаратмоқчиман.

Электромобиллар электр токида юргани учун улардан фойдаланиш арзон тушади, қолаверса, экологияга зарари ҳам йўқ.

Хорижда қолиш ниятим йўқ

— Шу ватанда туғилиб-ўсдим, билим олдим ва ватаним олдида ўзимни қарздор ҳисоблайман. Барча билимларимни шу ерда ишлатишим керак, юртимнинг тараққий этишида ўз ҳиссамни қўшишим керак. Баъзи тенгдошларим ўзларининг кўп вақтларини турли ижтимоий тармоқларда бесамар сарфлаётганига гувоҳ бўламан. Бунга чек қўйиш керак демоқчи эмасман, аммо меъёр бўлиши керак. Чарчаганда, мияни бироз чалғитиш керак бўлганда кириб бирор қизиқарли, фойдали маълумотлар олса бўлади. Лекин кўп вақтни бунга сарфлаш нотўғри.

Инновацион марказга қатнай бошлаганимда у ердаги муҳит мени бутунлай ўзгартирди. Дунёқараши кенг, кўп тил биладиган болаларни кўриб, уларга етиб олишга ҳаракат қилардим. Марказга қатнай бошлаганимга 8 ой бўлди, у ерда ҳали янги ўқувчи ҳисобланаман. 8 ой бурун инглиз тилини билиш даражам B2 эди. Ҳозир эса С2 даражага чиқдим.

Президент ташаббуси билан 29-30 июнь кунлари Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигида ўтказилган “Полиглот” мусобақасида республиканинг 14та ҳудудидан энг иқтидорли мактаб ўқувчилари ва талабалар иштирок этишди. Ушбу “Полиглот” беллашувида Самарқанд вилояти номидан қатнашиб, республикада 2-ўринни эгалладим.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзуга оид