20:46 / 06.09.2021
26644

Ижара уй муаммолари. Сабаблар ва ечим учун таклифлар

Бу масала вақти-вақти билан муҳокамалар марказига чиқса-да, аслида йил бўйи долзарблигини йўқотмайди. Нафақат пойтахтда, балки бошқа йирик шаҳарларда ҳам ижарага турар жой топиш масаласи азалдан муаммо бўлиб келган. Айниқса эндигина ўқишни бошлаган талабалар бундан қаттиқ азият чекишади. Бугунги кунда яна ўқиш бошланиб, минглаб талабалар пойтахт ва бошқа марказларга оқиб келишди. Ҳар доимги кузатиладиган ажиотаж қайта бошланди.

Фото: Mezon

Иқтисодда шундай қонун бор – талаб бор экан, таклиф туғилади. Яъни ҳар қандай маҳсулотга юқори талаб бор экан, уни таклиф қилувчилар ва бунинг ортидан даромад олувчилар синфи шаклланиши керак. Лекин бир қарашда оддий бу қонун ижара каби ижтимоий масала қаршисида ожиз қолмоқда – йиллардирки Ўзбекистонда ижара муаммолигича турибди.

Хўш, нега одамлар пулини тўлаб хотиржам яшай олмайди? Ахир деярли ҳар қандай иқтисодий муносабатда маҳсулот ёки хизмат пулнинг ортидан қувиб юради-ку?

Субъектив хулосаларимизга кўра бунинг бир неча сабаблари бор:

1. Ўзбекистонда ҳануз уй-жой билан таъминланиш бўйича жиддий муаммо бор, яъни алоҳида бошпанага эга бўлмаганлар сони жуда катта. Бу табиий талабни келтириб чиқаради.

2. Иккинчи сабаб биринчисига бевосита боғлиқ – шундоқ ҳам ўзидан орттира олмаётганлар орасидан бир неча уй-жой ёки хонадонни ижарага бериш ортидан даромад қилувчилар синфи ажралиб чиқиб, шаклланиб улгурмаяпти.

3. Бир қарашда жуда фойдали бизнесдек туйилса-да, ижарага яшовчилар наздида уй эгалари йўқ жойдан пул топаётгандек бўлсада, хонадонни ижарага бериш у қадар даромадли иш эмас. Мана оддий мисолларга эътибор беринг: Тошкентда қуйи сегментдаги 2 хонали квартиранинг ўртача нархи 30 минг АҚШ доллари атрофида. Бу нархи энг паст – яъни таъмир ва жиҳозларсиз кўчмас мулк. Бундай хонадонни ижарага бериш орқали ойига 200-250 АҚШ доллари даромад қилиш мумкин. Яъни тикилган пулнинг 1 фоизи ҳам чиқмайди. Яна бу пулдан хонадонни сақлаб туриш бўйича чиқимларни ҳам чегириш лозим.

Маълумотларга кўра, муваффақиятли ишлаётган умумий овқатланиш тизимида даромад 25-30 фоиз, транспортда 20-25 фоиз, савдода эса ўртача 10-15 фоизни ташкил қилади. Шундай экан, бугунги кунда узоқни кўзлаган тадбиркор ойига бир фоиз ҳам даромад келтирмайдиган бизнесга пул тикмайди.

4. Ўзбекистонда хорижий давлатлардаги каби “даромад уйлари” (доходный дом) бизнеси шаклланмаган. Айнан мана шундай уйлар арзон ижарага бўлган юқори талабни қондиришга хизмат қилади. Бизда ҳам абжир тадбиркорлар, уста қурувчилар бор. Айримлари бу ҳақда ўйлаб кўрган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин бизнинг тадбиркорларимиз узоқ муддатли лойиҳаларга пул тикишни хуш кўришмайди. Бунинг ўрнига уларга уй қуриб сотган бир неча карра афзал. Битирдинг, сотдинг, даромадни олдинг, бас!

Шу боис, тўлиғича ижарага бериладиган кўп қаватли уйларни айниқса Тошкентда ҳануз учратмадик.

Қолаверса, бизнес ҳали ҳадиклардан тўла қутилгани йўқ. Узоқ муддатли лойиҳани ишга туширганлар вақти келиб “снос” ёки “нотўғри қарор” номи билан ўз мулкларидан айрилиб қолишдан қўрқишади. Мана шу жиҳатлар бўлмаганида эди, дейлик, минимал шароитларга эга бўлган 50та хонадан иборат бино қуриш, ойига ўртача 100 доллардан ижарага бериш орқали тузуккина даромад қилувчилар албатта пайдо бўларди.

5. Ва ниҳоят ижарага олувчиларга нисбатан “мунтазам даромадга эга бўлмаган, иши юришмаган одам” деган қараш шаклланиб қолган. Шу боис, бундай тоифа ҳисобидан даромад қилишга кўп ҳам қизиқилмайди. Ҳолбуки ривожланган давлатларда аҳолининг аксарият қисми ижарада яшайди, бола-чақа орттиради ва ҳатто ижарада вафот этади ҳам. Бунинг ҳеч уятли жойи йўқ. Аммо биз қотиб қолган фикрлардан ҳеч воз кеча олмаяпмиз.

Хўш, ечим нимада?

1. Оддий мисол – болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш яқинда ҳам оғриқли, унутилган, яширилган мавзу эди. Ҳозирда 27 фоизли кўрсаткичдан 60 фоизга етказилди. Сабаби аён – бизнесга кенг имкониятлар, субсидиялар, ер берилди. Табиийки, қизиқиш пайдо бўлди, алоҳида тадбиркорлар синфи шаклланди, айни пайтга келиб нодавлат секторда ҳатто болаларни жалб қилиш учун рақобат ҳам пайдо бўлди.

Ижара тизимига ҳам шу усулни бемалол қўлласа бўлади. Дейлик, талабалар бўйича ҳам айнан шундай вазият – уларнинг тахминан 30 фоизи ётоқхона билан таъминланган. Қолгани ўз пулини қаерларгадир сарфлаяпти ёки кези келганда пулига ҳам бошпана топа олмаяпти. Давлат ер ва субсидия ажратса кифоя, бизнес бу соҳага ҳам кириб келади албатта.

2. Бундай лойиҳаларни амалга оширганларга давлат кафолати берилиши шарт. Яъни айнан бюджет сегментида ижара таклиф қилиш шарти билан мулк ҳуқуқи кафолатланиши керак (умуман олганда мулк ҳуқуқи ҳар қандай ҳолатда ҳам кафолатланиши лозим, лекин аччиқ тажрибамиз бу масалада эҳтиёткор бўлишга ундайди).

3. Айни пайтда ижара бўйича энг қийин вазиятда бўлган талабаларга давлат томонидан маблағ ажратилмоқда. Тезкор чора сифатида бу жуда яхши албатта. Аммо вақт ўтиб, бозорга қўшимча маблағ кириб келиши нарх янада ошишига сабаб бўлади. Қолаверса, пул тақсимотида коррупцион муҳит юзага келиши хавфи ҳам бор. Пул тарқатишни дастлабки қадам сифатида қабул қилиб, асосий эътиборни таклифни кенгайтиришга қаратиш зарур. Бу ҳар бир ОТМ ҳудудида кампусларни барпо қилиш, янги таълим муассасалар очилаётганда маълум миқдорда турар жой қуриш шартини қўйиш каби усулларда амалга оширилиши мумкин.

Хулоса шуки, Ўзбекистонда кўчмас мулкни ижарага бериш бизнеси ҳали ривожланмаган. Кўчаларда, хонадонлар деразаларида осилган “ижарага берилади” деган ёзувни учратмайсиз. Ҳолбуки ўйин қоидалари шаклланса, қонунлар билан тартибга солинса бу ҳам ҳалол, салмоқли ва энг муҳими барқарор даромад манбайи бўлиш билан бирга солиқ манбайига ҳам айланиши муқаррар.

Аброр Зоҳидов

Top