08:51 / 07.09.2021
6392

«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритилди

2021 йил 25 август кунги қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчидан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва уларнинг жойлардаги органлари фуқаролик ишлари бўйича судларда, шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича ишларни кўриб чиқишда давлат божини тўлашдан озод этилади

Иккинчидан, иқтисодий судларда қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод этилиши тўғрисидаги қўшимча киритилди:

  • давлат органлари – ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан; 
  • Ҳисоб палатаси – республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан.

 
Шунингдек, Ҳисоб палатаси маъмурий судларга берилган Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилади. 

Учинчидан, Ўзбекистон ва чет давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги натижасида жабрланган жисмоний шахслар:

  • нотариал ҳаракатларни амалга оширишда – уларга ҳужжатларнинг дубликатлари, кўчирма нусхалари, нотариал ҳаракатларни рўйхатдан ўтказиш реестридан кўчирмалар берилганлиги учун;
  • фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этишда – уларга гувоҳномалар берганлик учун; 
  • миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ҳужжатларни расмийлаштириш ва беришда – йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатлар ўрнига қуйидагилар берилганлиги учун:
  • Ўзбекистон фуқароси идентификацияловчи ID-картаси (биометрик паспорти);
  • Ўзбекистонда доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси (яшаш учун рухсатномаси);
  • Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжати;
  • республика ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолгани тўғрисидаги маълумотнома;
  • миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ҳужжатларни расмийлаштириш ва беришда Ўзбекистонга таклиф қилиш тўғрисидаги ҳужжат берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, ушбу шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган, яроқсиз ҳолга келган, муайян фактни тасдиқлайдиган ҳужжатларини тиклаш чоғида, шунингдек Ўзбекистоннинг ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари, дубликатлари ҳамда уларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотномалар талаб қилиб олинганда консуллик йиғимларини тўлашдан озод этилади. 

Top