Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Толиблар вақтинча ҳукумат таркибини эълон қилишди, мамлакат шариат асосида бошқарилади. Афғонистондан сўнгги хабарлар
«Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Ҳаракат расмийси Забиҳулло Мужоҳид бу вақтинча ҳукумат ҳисобланишини қайд этган. Ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода Афғонистонда шариат қонунлари амал қилишини маълум қилди.
Ҳаракат етакчиси, бир неча марта ОАВда ўлими ҳақида хабарлар тарқалган Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охундзода Афғонистон Ислом Амирлигининг Олий етакчиси ва давлат раҳбари бўлди.
Мамлакат бош вазирлиги Муҳаммад Ҳасан Охундга юкланган, у бунга қадар Покистондаги «Кветта кенгаши» раҳбари эди. У нафақат Афғонистондаги уруш фахрийси, балки БМТнинг террорчилар рўйхатида бўлган, унга персонал санкциялар қўлланган.
Доҳадаги ваколатхонага раҳбарлик қилиб келган, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан тинчлик музокаралари ўтказган мулла Абдулғани Биродар унинг ўринбосари бўлади.
Ҳукумат раҳбарининг иккинчи ўринбосари лавозимини Абдулсалом Ҳанафий эгаллаган, Амир Хон Муттақий Ташқи ишлар вазири вазифасини бажаради, вазир бўлиши кутилган Шер Муҳаммад-оға Станикзай эса унинг ўринбосари лавозимини эгаллайди.
Мулла Аҳмад-жон Аҳмадий администрация раҳбарлигига тайинланган.
Кутилганидек, ҳаракат асосчиси Мулла Умарнинг ўғли Мулла Ёқуб Мудофаа вазири, Муҳаммад Фадл Охунд унинг ўринбосари бўлди.
«Ҳаққоний тармоғи» етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний Ички ишлар вазири бўлган, Мавлавий Жалол унинг биринчи ўринбосари, мулла Абдул Ҳақ эса гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича ўринбосари бўлган. Сирожиддин Ҳаққоний тармоқ асосчиси Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли бўлиб, НАТО ва Америка ҳарбийларига нисбатан қатор терактларни режалаштириш ва ташкиллаштиришда иштирок этган, 2008 йилда ўша вақтдаги президент Ҳамид Карзайга суиқасд уюштирган, америкаликлар унинг боши учун 5 млн доллар мукофот эълон қилган.
Вашингтон, Москва ва Анқара толибларнинг ҳукуматини тан олишга шошилмаслигини ва воқеалар ривожини кузатишларини маълум қилди. АҚШ толиблар мамлакатда қолган америкаликлар ва бошқа Ғарб давлатлари фуқароларининг, кетишни истаётган афғонларнинг эркин чиқиб кетиши таъминланишини ҳам кутмоқда.
Қолган лавозимлар:
- Маданият ва ахборот вазирлиги раҳбари - мулла Хайрулла Хайрхоҳ, унинг ўринбосари - Забиҳулла Мужоҳид;
- Разведка бошқармаси раҳбари - мулла Абдулҳак Восиқ, унинг ўринбосари - мулла Тож Мир Жавод, маъмурий масалалар бўйича ўринбосар - мулла Раҳматулла Нажиб;
- Молия вазирлиги раҳбари - мулла Ҳидоятуллоҳ Бадрий;
- Таълим вазирлиги раҳбари - Шайх Мавлавий Нурулла Мунир;
- Олий таълим вазирлиги раҳбари - Мавлавий Абдулбоқи Ҳаққоний;
- Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари - Муҳаммад Ҳаниф;
- Марказий банк раҳбари - мулла Муҳаммад Идрис;
- Чегара ва қабилалар вазирлиги раҳбари - Нурулла Нурий;
- Табиий ресурслар вазирлиги раҳбари - мулла Муҳаммад Исо Охунд;
- Сув ва энергия таъминоти вазирлиги раҳбари - мулла Абдуллатиф Мансур;
- Жамоат ишлари вазирлиги раҳбари - мулла Абдулманнон Умарий;
- Қишлоқ хўжалиги ишлари вазирлиги раҳбари - мулла Муҳаммад Юнус Охундзода
- Ҳаж ва вақф ишлари вазирлиги раҳбари - Шайх Мавлавий Нур Муҳаммад Сақиб;
- Миграция масалалари бўйича вазирлик раҳбари - Ҳожи Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний;
- Ислом ишлари вазирлиги раҳбари - Шайх Муҳаммад Холид;
- Авиация ва транспорт ишлари вазирлиги раҳбари - мулла Ҳамидулла Охундзода;
- Алоқа ва информацион технологиялар вазирлиги раҳбари - Мавлавий Нажибулла Ҳаққоний;
- Бош штаб бошлиғи - Қори Фасиҳуддин.
Бошқа барча фаолият соҳалари олий раҳбар Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан назорат қилинади.
Нега инклюзив ҳукумат эмас?
Ўтган ойда Кобулга кириб, ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» вакиллари инклюзив ҳукумат тузилиши ва унинг таркибидан Афғонистондаги барча этник озчиликларнинг вакиллари ўрин олиши, аёллар раҳбарлик лавозимларини эгаллаши мумкинлиги, лекин ҳукуматда вазир лавозимлари бундан мустасно бўлишини ваъда қилишганди.
Бугунги матбуот анжуманида Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан ҳукуматда этник озчилик вакиллари йўқлигига изоҳ сўралганда, у ҳозирги ҳукумат таркиби «вақтинча» экани, бошқа миллатлар вакиллари «келажакдаги» ҳукуматга киритилишини маълум қилган.
«Кейинги (доимий) ҳукумат таркибида афғон жамиятининг барча қатламларини тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Биз дунё Афғонистон билан душманликни йиғиштиришини кутмоқдамиз. Барча мамлакатлар билан (Исроилдан ташқари) дипломатик муносабатлар ўрнатишни истаймиз», деган у.
У мамлакатда рўй бераётган намойишлар ортида хориж кучлари тургани ва мамлакатда хаос юзага келишига йўл қўйилмаслигини билдирган.
Шунингдек, Покистон Афғонистоннинг сиёсий ишларида ҳеч қандай рол ўйнамаётгани маълум қилинган.
«Биз буни қатъиян рад этамиз. Мамлакатдаги бирорта сиёсий масалада хорижий давлатлар, шу жумладан Покистоннинг ҳеч қандай иштироки йўқ. Биз бундай бўлишига йўл қўймаймиз», деган у.
Вазир ўринбосари «Толибон» дунёнинг 40 давлатига қарши курашиб келгани ва мустақилликни ҳимоя қилгани, бундай ҳолатда Покистонни ўз ҳомийси сифатида қабул қилиши мутлақо мумкин эмаслигини эслатиб ўтган. Шунингдек, ҳаракат ўзига зарар етказган ҳолда Покистонга фойда келтиришини ҳеч ким исботлаб бера олмаслигини қўшимча қилган.
Афғонистон шариат қонунлари асосида бошқарилади
Фото: Afghan Islamic Press via AP
Ҳайбатуллоҳ Охундзода бундан кейин Афғонистонда шариат қонунлари амал қилишини маълум қилди.
«Келгусида Афғонистонда бошқарув ва турмуш тарзидаги барча масалалар муқаддас шариат қонунларига мувофиқ тартибга солинади», дейилади унинг баёнотида.
Баёнотда айтилишича, ҳаракат қўшни ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро ҳурматга асосланган кучли ва соғлом муносабатларни йўлга қўйиш ниятида.
«Бу мамлакатлар билан муносабатларимиз Афғонистон манфаатларига асосланади. Биз ислом қонунлари ва миллий қадриятларимизга зид бўлмаган барча халқаро қонунлар ва келишувлар, резолюция ва мажбуриятларга риоя қиламиз», - дейилади баёнотда.
У Ислом амирлиги «муқаддас ислом дини доирасида инсон ҳуқуқлари, озчилик ва кам даромадли гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жиддий ва самарали чораларни амалга ошириши»ни таъкидлаган.
Кобулдаги намойишлар
Сешанба куни толиблар Кобулдаги йирик митингни куч билан тарқатишди. Воқеа жойида олинган видеоёзувларда ҳар қаёққа қочиб кетаётган одамлар, орқа планда кучли ўқ овозлари эшитилаётганини кўриш мумкин.

Шу куни юзлаб намойишчилар «Толибон» бошқарувига қарши намойишга чиқиб, аёллар ҳуқуқига риоя этилиши кафолатланишини талаб қилишди.
Митинг иштирокчилари Покистонга қарши шиорлар айтишди. Покистон аввалбошдан «Толибон» билан яқин алоқалар ўрнатган ва ҳаракатни қўллаб-қувватлаб келган. Покистон разведкаси (ISI) раҳбари Файз Ҳамид яқинда Кобулга учиб келган ва толиблар раҳбарлари билан учрашганди.

BBC мухбири Секундер Кирмоний Кобулдан хабар қилишича, намойишчиларнинг норозилиги фақатгина Покистоннинг афғон ишларига аралашаётганига қарши йўналтирилган эмас.
Бу намойишлар - «Толибон» авторитети учун сўнгги вақтлардаги энг жиддий чақириқ бўлмоқда. «Биз сўз эркинлиги, демократия талаб қиламиз… Мен ўлимдан қўрқмайман», дейди намойишда иштирок этган ёшлардан бири.
Толиблар аввалига намойишчиларга қаршилик кўрсатмаган, уларга полиция автомобилларида ҳамроҳлик қилишган, аммо кейин ҳавога қарата ўт очишган ва съёмка қилишни тақиқлашган. Афғонистондаги Tolo News нашри намойишлар чоғида ўз оператори бошқа маҳаллий ва хорижий нашрлар ходимлари билан биргаликда қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
BBC ихтиёрига келиб тушган видеода «Толибон» жангарилари ҳавога тартибсиз равишда ўт очаётгани акс этган, ҳолбуки ҳаракат раҳбарияти ўтган ҳафтада бундай амалиётни тақиқлаганди: ўшанда толиблар муваффақиятни нишонлаш чоғида ҳавога ўқ узиши оқибатида бир неча киши ҳалок бўлганди.

Ўтган ҳафта давомида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳуқуқи ҳимояси учун намойишлар бўлиб ўтганди. Сешанба кунги намойишларда эса эркаклар кўпчиликни ташкил этди - аввалги намойишлар асосан аёллар иштирокида кечаётганди.
Шунингдек, мамлакатдаги яна бир йирик шаҳар Ҳиротдаги намойишларни бостириш вақтида икки киши ҳалок бўлгани, саккиз киши яралангани ҳақида хабарлар келган. Ҳиротдаги марказий шифохона вакили ўз шахси сир қолишини сўраган ҳолда бу ерга келтирилганларнинг барчаси ўқ еб яраланганини айтган.
Уларни ким ўққа тутгани ҳозирча маълум эмас.
Эвакуация ва Кобул аэропорти хавфсизлиги
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен сешанба куни Қўшма Штатлар ҳалигача Афғонистонда қолаётган 100 нафарга яқин америкалик билан алоқада бўлиб тургани ва уларни бу мамлакатдан эвакуация қилиш режаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
Доҳага ташрифи чоғида журналистлар қаршисида чиқиш қилган Блинкен «Толибон» расмийлари АҚШга барча зарур ҳужжатларга эга хорижликларнинг барчаси чиқиб кетиши учун шароит яратиб беришни ваъда қилганини айтди.
Худди шу матбуот анжуманида Қатар ташқи ишлар вазири, шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ас-Соний Кобул аэропорти яқин кунлар ичида қайта очилишига умид билдирди. Аммо ҳозирча аэропорт фаолиятини ким ва қандай бошқариши бўйича келишувга эришилмаган. Бунгача аэропорт хавфсизлигини турк ҳарбийлари таъминлаб келишган ва турк амалдорларининг сўзларига кўра, айни вақтда аэропорт хавфсизлиги борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Мингга яқин киши, шу жумладан америкаликлар ҳам Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида хусусий рейсларга рухсат берилишини кутиб туришибди. Бу ҳақда Reuters билан суҳбатда чартер рейс ташкилотчиларидан бири айтиб берган, у рейс ташкил этилиши кечикишида АҚШ Давлат департаментини айблаган.

Гуманитар инқироз
Сешанба куни Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Яримой жамиятлари қуролли можаролар, қурғоқчилик ва коронавирус эпидемияси туфайли 18 миллион афғон инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эканини маълум қилди.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси мамлакатда озиқ-овқат захиралари тугаб битаётганини билдирган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили сўзларига кўра, Ғарбдаги донорлар толиблар билан ишлаши тақиқлангани туфайли мамлакатда юзлаб тиббий муассасалар ёпилиши мумкин.
ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори Рик Бреннаннинг сўзларига кўра, ташкилот 500га яқин соғлиқни сақлаш марказларини молиялаштириб туришга ҳаракат қилмоқда. Ташкилот Қатар билан музокаралар ўтказмоқда, ушбу давлатдан барча зарур жиҳозлар ва дори-дармонлар олиниши мўлжалланган.
Миграция бўйича халқаро ташкилот маълумотларига кўра, қурғоқчилик ва уруш оқибатида 5,5 миллион афғон ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, шундан бир ярим миллиондан ортиғи жорий йилга тўғри келади.
Ғарб давлатлари Афғонистонга шошилинч инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишга тайёр. Аммо кенг миқёсдаги иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилиши толиблар мамлакат бошқарувида ўзини қандай тутишига боғлиқ бўлади.
Мавзуга оид
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
17:37 / 09.06.2026
Афғонистонда давлат хизматчиларига смартфондан фойдаланиш тақиқланди
09:00 / 03.06.2026
“Толибон” ва Россия: ҳарбий яқинлашув нимани англатади?
21:38 / 27.05.2026