Ўзбекистон | 19:04 / 08.09.2021
8364
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон Афғонистон халқи қайси ҳокимиятни тан олса, ўша ҳокимият билан мулоқот қилади” - Баҳром Абдуҳалимов

“Адолат” демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Афғонистон янги ҳукумати билан Ўзбекистон муносабатлари нималарга асосланиши кераклиги ҳақида фикр билдирди. 

Партия сиёсий кенгаши раисининг айтишича, Ўзбекистон қўшни мамлакат халқи тан олган ҳукумат билан алоқа ўрнатиши лозим.

“Афғонистон халқи қайси ҳокимиятни маъқул топса, Ўзбекистон ҳам ўша ҳокимият билан мулоқотни йўлга қўйиши керак. Шу сабабли ҳозирда ҳокимият тепасига келган “Толибон”нинг қўшни мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон билан бўлган муносабатларига фақат ҳамкорлик нуқтаи назаридан қараляпти.

Бутун дунёда эътироф этилган дипломатик тамойил бор, бу мамлакатлар ички ишларига аралашмаслик. Қўшни мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш жуда яхши ғоя.

Илгари қўшни давлатлар бир-биримиз билан аразлагандек муносабатда эдик. Сиёсий нуқтаи назардан муносабатлар оғир эди. Бу халқлар орасидаги муносабатларга ҳам салбий таъсир қиларди. Ўзгаришлар натижасида ҳозирда минтақадаги 5 мамлакат халқлари дўстга айланган”, деди партия раҳбари “Адолат” СДПнинг Х қурултойидан кейин ОАВ вакиллари билан суҳбатда.

Аввалроқ ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилиши юзасидан баёнот берганди. Баёнотда Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлаши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни толиблар Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Унга кўра, мамлакат бош вазирлиги Муҳаммад Ҳасан Охундга юкланган, Абдулғани Биродар унинг ўринбосари бўлади. Ҳозирча ҳеч бир давлат бу ҳукуматни расман тан олмаган, «Толибон» яқин орада муваққат ҳукуматни расман таништириш маросимини ўтказмоқчи, тадбирга Покистон, Хитой, Россия, Эрон, Туркия ва Қатар давлатлари таклиф этилган.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид