13:40 / 08.09.2021
1713

Қорақалпоғистонда қарийб 1,5 млрд сўмлик китоб карвони йўлга чиқди

Қорақалпоғистондаги мактабларга 81 минг донадан зиёд "китоблар карвони" етиб борди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистондаги мактаблар ҳамда шаҳар ва туманлардаги ахборот ресурс марказларининг кутубхона фонди учун 55 минг дона қорақалпоқ тилидаги китоблар чоп этилган. 26 минг донадан зиёд ўзбек тилидаги адабий китоблар сотиб олинган. Булар учун 1,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.

Кеча, 7 сентябрь куни Нукусдан адабий китоблар юкланган китоб карвонлари ўз манзилларига қараб йўл олганди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Довуд Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири Рустем Реимов иштирок этишди.

Жўқорғи Кенгес матбуот хизматининг қўшимча қилишича, китоблар Қорақалпоғистондаги барча мактабларга етиб борган.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори асосида умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш белгиланган эди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Саида Мирзиёева И.В.Савицкий мероси ҳақида туркум китоблар тайёрланаётганини маълум қилганди.

Top