09:27 / 10.09.2021
11862

АҚШда 11 сентябрдаги терактлардан кейин киритилган фавқулодда ҳолат режими узайтирилди

АҚШ ҳукумати 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин эълон қилган фавқулодда ҳолат режими яна бир йил амал қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден маълум қилди.    

Байденнинг таъкидлашича, АҚШ 20 йил аввал фавқулодда ҳолат режимини киритишига сабаб бўлган террорчилик хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда.

Фавқулодда ҳолат режими Нью-Йорк ва Вашингтондаги терактлардан кейин 2001 йил 14 сентябрда ўша вақтдаги президент Кичик Жорж Буш томонидан киритилган эди. Фавқулодда ҳолат режими киритилиши ҳақидаги ҳужжатда ҳукумат кўрадиган аниқ чоралар кўрсатилмаган, бироқ у террорчилик таҳдиди ҳолатида президентга қўшимча ваколатларни беради.

Аввалроқ Байден 11 сентябрдаги терактларга алоқадор маълумотларни ошкор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу АҚШ президентининг сайловолди ваъдаларидан бири бўлган эди.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда бир қатор терактлар содир этилганди. Ўшанда террорчилар 2та олиб қочилган йўловчи самолётини Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига бориб уришган. Яна бир самолёт Пентагон биносига бориб урилган. Ушбу терактлар учун жавобгарликни “Ал-Қоида” террорчи ташкилоти ўз зиммасига олганди.

Top