Мурожаатчиларга кўра, у ерда тадбиркор кафе – кабобхона қурмоқда.

“Мазкур умумий овқатланиш ва кўнгилочар масканни қураётган тадбиркорга ер майдони Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-4427-сонли қарори ва ПФ-6243-сонли фармонига зид равишда берилган. Бундан ташқари атрофда яшовчи аҳоли вакиллари, дўкон эгалари огоҳлантирилмаган, уларнинг розилиги олинмаган”, – дейилади мурожаатда.

Kun.uz ижодий гуруҳи Машраб кўчасида бўлиб, муаммо бўйича аҳоли билан учрашди ва Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддисидан изоҳ сўради.

Авазбек Абдуқодиров – 44-кўпқаватли уй остидаги 17 та дўконлар эгаси. У муаммо ҳақида қуйидаги гапларни айтди.

“Дўконларимизни тўсиб қоляпти, тепадаги 2–3-қаватдаги мулкдорлардан ҳеч қандай розиликсиз қурилиш бошланган. Ҳужжат сўрасак, ҳужжатсиз қурилиш қилишяпти. Фармойиши ҳам, қарори ҳам йўқ.

Биз 2017 йилда, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов келганида мана бу “огород”ларни кичрайтириб, атрофига бордюрлар қуйдириб, тозалатиб, обод қилдирган эди. Фақат майдоннинг мана шу бир қисми қаровсиз бўлиб қолганида бизнинг озгина айбимиз бор.

Авазбек Абдуқодиров

Бизга ҳеч қандай кафе керакмас, чунки бу ердаги 17 та дўконнинг олдини тўсиб қоляпти. 44-уйнинг 2-, 3- ва 4-қаватлардаги мулкдорлари ҳам норози. Бирортасининг розилиги олинмаган. Чунки кафе ишга тушса, оқшомлари шовқин бўлиб кетади. Яна шашликхона ишга тушгач, дўконларимиз олдидаги автотураргоҳ йўқ бўлиб қоляпти. Муаммога ҳуқуқий баҳо берилишига ёрдам берсангизлар.