Аҳоли сонининг ўсиб бориши, ишсизлик ва таълимдаги коррупция: Financial Times Ўзбекистондаги демографик муаммолар ҳақида
Financial Times нашрида замонавий Ўзбекистонга бағишланган махсус ҳисобот чоп этилди. 11 та мақоладан иборат ҳисоботда иқтисодий ўсиш, хусусийлаштириш, халқаро бозорларга кириш, яшил энергетика, рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, минтақавий халқаро муносабатлар, аҳолишуносликка доир мақолалар ўрин олган.
Биринчи мақола Ўзбекистондаги аҳоли сонининг ўсиши ҳамда ҳукуматни кутаётган ишсизликка доир муаммоларга бағишланади.
«Ўзбекистон – ёшлар мамлакати: ўтган 2020 йилда 800 мингта чақалоқ дунёга келган, бу – 2010 йилга нисбатан 25 фоизга кўп. UNICEF'нинг охирги ҳисоботларида мамлакат аҳолисининг деярли ярмини 30 ёшга тўлмаганлар ташкил қилиши айтилган. Бу Ўзбекистон тарихидаги энг кўп ишчи кучини ташкил қилади.
2046 йилга бориб, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 27 миллион кишига етиши кутилмоқда ва ҳукумат бу инсонларга иш топиб бериши керак бўлади. Лекин ҳозирги вақтнинг ўзида яна бир катта муаммо бор: ўзбекистонлик ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 15,2 фоизни ташкил қилади. Бу ўртача кўрсаткичлардан 1,5 баробар кўп. Кўплаб ёшлар муносиб иш қидириб мамлакатни тарк этмоқда.
Демографик муаммоларни ечиш мақсадида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили» деб эълон қилинди.
Ёшларга доир давлат сиёсати ислоҳ қилиниб, унга ёшларни касбларга бепул ўқитиш, тадбиркорлик ва стартаплар учун грантлар эълон қилиш, аҳолининг деярли ярми истиқомат қилувчи қишлоқ жойларида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи ёшларга субсидиялар бериш каби янги лойиҳалар қўшилди. Шунингдек, янги дастур ёшларни маданият, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда санъатга жалб қилиш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва аёллар бандлигини таъминлашни ҳам ўз ичига олган.
БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аёлларнинг 33 фоизи асосий иш сифатида ҳақ тўланмайдиган иш фаолияти билан шуғулланади.
Ҳукумат маълумотларига кўра, ёшларга доир давлат сиёсати эълон қилинганидан буён, унинг ижросига 1,4 триллион сўм, деярли 131,1 миллион доллар маблағ сарфланган. Ушбу дастур билан «замонавий тадбиркорлик кўникмалари ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш», шунингдек, «вояга етмаганлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий ажралишлар сонини камайтириш, кучли ватанпарварлик ғояси ва мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантириш» мақсад қилинган.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, шаҳар ва қишлоқ жойлардаги таълим сифатига доир муаммолар турлича. Айрим мактабларда ҳатто асосий коммунал хизматлар: электр энергияси, газ ва тоза ичимлик суви йўқ.
Ўзбекистонда 18 ёшгача таълим олиш мажбурий бўлса-да, лекин амалда мактаб тизими ҳар доим ҳам ўз вазифаларини бажара олмайди. Масалан, UNICEF ҳисоботида шундай дейилади: «Ҳозир мактабларда ўз фанини унчалик яхши билмайдиган ўқитувчилар бор. Шундай педагоглар туфайли ўқувчилар кам билим олишяпти, ота-оналар эса пулли репетиторларга пул сарфлашга мажбур бўлмоқда».
Шунингдек, кўпинча оила учун пул топиш босими остида, айниқса қишлоқ жойларда, мактаб ўқувчилари университетларни ҳаётининг кейинги босқичи деб ҳисобламайди. Ўтган йили ҳукумат 9 синфни тамомлаган ўқувчилар ва ишсиз фуқаролар учун профессионал тайёрлов курсларини ишга туширди.
Олий таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2030 йилга қадар мактаб битирувчиларининг ярми олийгоҳларга ҳужжат топшириши режа қилинган. Бу борада нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига кирган талабаларга ажратилган 200 миллион доллар миқдоридаги грант ва стипендиялар ҳам рағбатлантиришнинг бир тури сифатида танланган.
Лекин таълим тизимидаги коррупция ўқувчилар ва уларнинг оилаларини қийнаб келмоқда. UNICEF маълумотларига кўра, ўқитувчилар баҳо қўйиб бериш учун пора сўраши ҳолатлари кўп учрайди. Натижада молиявий қийин аҳволга тушиб қолган ўқувчилар [талабалар] ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлади.
Шунингдек, эски даврда ҳукумат пахта теришда мажбурий равишда болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун ХМТ томонидан доимий равишда танқид қилиб келинган. Янги ҳукумат даврида болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш амалиётидан воз кечилгани, бунинг учун жавобгарликнинг кучайтирилиши ортидан 2019 йилда АҚШ ўзбек пахтаси импортига қўйилган чекловни бекор қилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг мустақил ҳисоботларида ҳам 2020 йилда Ўзбекистонда айрим жойларда бу ҳолат сақланиб қолгани айтилган бўлса-да, мажбурий меҳнат билан боғлиқ амалиётлар сезиларли камайгани маълум қилинган.
Саъдуллаевга кўра, «Ёшлар йили» ёшлар орасида кенг тарқалган ишсизлик муаммоларини ечишга ёрдам беради. Меҳнат бозоридаги кейинги рақамлар ушбу ғоя қанчалик асосли эканини кўрсатади», – дейилади Financial Times мақоласида.
Мавзуга оид
20:54 / 19.11.2024
Испания ҳар йили 300 минг мигрантни қонунийлаштириш ниятида
19:17 / 03.11.2024
Россияда туғилиш даражасини лотереялар ёрдамида ошириш таклиф этилди
17:46 / 24.10.2024
Кейинги йилларда Ўзбекистонда туғилиш камаяди ё кўпаяди – прогнозлар қандай?
21:06 / 23.10.2024