Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилида партасиз синф полида ўтириб дарсда қатнашгани ҳақида тасвирлар тарқалиб, мунозараларга сабаб бўлди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ҳолатдан очиқдан очиқ оғринганини яширмади. Ушбу ҳолатни вилоят прокуратураси назоратга олгани айтилди.

Kun.uz мухбирлари асл ҳолатни ўрганиш мақсадида Яккабоғ туманида бўлди ва қурилиш ишлари кечикиб кетганми, деган саволга ҳам жавоб излашди. 

Маълум бўлишича, чиндан ҳам ўтган йили халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу мактабни ўзи ўрганган. Натижада, мактаб давлат дастури асосида капитал реконструкция қилиниши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси билан «AVANGARD GIDRO EKSPRESS» МЧЖ ўртасида шартнома тузилиб, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Директор Шуҳрат Қосимовнинг айтишича, мактаб 1975 йилда қурилган ва узоқ йиллар давомида таъмирталаб бўлиб келган.

Ш.Қосимовга кўра, мактаб ҳали расман қабул қилиб олинмаган, лекин бино ичидаги таъмирлаш ишлари деярли тугагани учун янги ўқув йилини бошлашган. Мактабда етарли даражада эски парта-стуллар мавжуд. Марказдан янги парталар олиб келиш кўзда тутилган ва бу ҳақда директор Қашқадарё вилояти ХТБга 2 сентябр куни хат чиқарган.