22:05 / 15.09.2021
15796

АҚШ махсус вакили Кобулнинг олинишига Ашраф Ғанининг қочиши сабаб бўлганини айтди

Халилзоднинг қайд этишича, “Энг охирги дақиқаларда ҳам АҚШнинг толиблар билан уларнинг Кобулга кирмаслиги борасида келишуви бўлган”, аммо Ғанининг Афғонистонни тарк этиш қарори хавфсизлик соҳасидаги бўшлиқни пайдо қилган.

Фото: АР/ТАСС

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг мамлакатни тарк этиши “Толибон” ҳаракати билан эришилиши мўлжалланган келишувни йўққа чиқарди, деди АҚШ махсус вакили Залмай Халилзод.

У Financial Times нашрига берган интервьюсида Ғанининг кетиши “Кобулнинг толиблар қўлига ўтишига йўл қўймаслик ва сиёсий ўтиш жараёни тўғрисидаги музокараларни бошлашга қаратилган келишув тузилишини йўққа чиқарган”ини айтди.

Унинг қайд этишича, “энг охирги дақиқаларда ҳам АҚШнинг толиблар билан уларнинг Кобулга кирмаслиги борасида келишуви бўлган”, аммо Ғанининг Афғонистонни тарк этиш қарори хавфсизлик соҳасидаги бўшлиқни пайдо қилган. Натижада толиблар Кобулга шу куниёқ кириб борган.

“Ғани қочиб кетганидан сўнг толиблар “Кобул хавфсизлиги учун сизлар жавоб берасизларми?” деб сўрашди. Кейин нима бўлганини биласизлар. Биз бундай жавобгарликни зиммамизга олмадик”, - деди Халилзод.

Унинг сўзларига кўра, “Афғонистон ҳукумати ва толиблар ўртасида музокаралар ўтказилмагани ёки томонлардан бирининг музокаралардан чиқиб кетгани учун АҚШ жавобгар эмас”.

Top