Нагоя университети профессори Алишер Умирдинов Kun.uz учун ёзган мақоласида Ўзбекистондаги илмий китоблар етишмовчилиги ҳақида фикр юритади.

Нобел мукофотини ҳар йили кутувчи японлар

Октябр ойи келиши билан бутун Япония халқи янгиликларни кузатади, зеро айнан октябр ойининг бошида Нобел мукофоти лауреатлари эълон қилинади. Бу йил ҳам японлар ўзлари кучли бўлган соҳалар – тиббиёт, физика, кимё ва адабиёт соҳаларида бирор япон мукофот олишини кутишди. Катта телеканаллар маросимни тўғридан тўғри узатиб турди. Олимлари мукофот олиши эҳтимоли юқори бўлган университетлар журналистлар учун матбуот анжумани ўтказишга шайланишди.

Бу йил бирор япон олими Нобел ололмади. Аммо бунақа – мукофот кутиш муҳитининг ўзи японларнинг илмга бўлган муҳаббатидан, дунё илмига қўшаётган ҳиссасидан дарак.

Мен яшайдиган ҳудуддаги Гифу ва Тояма вилоятларини боғлаган 41-давлат йўли бўйлаб Нобел мукофоти эгалари йўлаги бор. Айнан шу ҳудудда 5 нафар Нобел лауреати соҳиблари етишиб чиққан.

Японларнинг бу даражага етиши ортида нима туради, биласизми? Бунга кўп факторлар таъсир қилган бўлса-да, бир жиҳатни алоҳида айтиш керак – япон олимлари дунёда мавжуд илмни ўрганиб, кейин бу илмни ўз давлатларига китоб ёзиш орқали ташиб келтиришган.

Оқибатда бир кун келиб илмнинг деярли хоҳлаган соҳасини япон тилида ёзилган китоблар орқали ўрганиш имкони пайдо бўлди. Дунёда қайси соҳада янги тенденция пайдо бўлса, япон олимлари ё ўша соҳада китоб ёзиб миллатига таништиради, ёки бирор ўзга тилда ёзилган китобни тезда япон тилига ўгиради.

Япония ва унинг халқи мана шундай – илмга тўйинган ҳолда илдамлайди. Ва улардан Нобел мукофоти соҳиблари чиқади.

Японияда университет профессори нафақага чиқиш пайти келса, албатта шогирдлари ва ҳамкасблари олдида охирги маърузасини ўқийди ва у илмий ҳаёти давомида қандай назарияларни илгари сургани, амалга оширган илмий ишлари, ёзган ва таржима қилган китоблари ҳамманинг олдида намойиш этилади. Олим ўз соҳасида қай даражада чуқурлашгани, халқига қандай янги соҳаларни оча олгани эътироф этилади.

Демак, бир миллатнинг илм йўлидаги одими ўша мамлакатнинг қай даражада илмлар билан тўйинганига, илм соҳаларининг ўша мамлакат ичига она тилида кириб келганига боғлиқ экан. Шундай экан, биз – ўзбек тадқиқотчилари ва олимлари долзарб илм соҳаларини ва уларга оид китобларни халқимизга тўхтовсиз равишда таништиришимиз даркор.