Жаҳон | 22:17 / 15.09.2021
26591
3 дақиқада ўқилади

Time 2021 йилнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатини эълон қилди

АҚШнинг Time нашри ўз талқинига кўра 2021 йилнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатини эълон қилди.

Алексей Навальний ва Абдулғани Биродар

Нашр уларни бир нечта тоифа, жумладан “Титанлар”, “Новаторлар”, “Санъат арбоблари”, “Етакчилар”, “Кашфиётчилар” ва “Кумирлар” бўйича тақсимлаб чиққан. Рўйхат иштирокчилари рейтинги баҳоланмаган.

“Етакчилар” тоифасидан жорий йилда Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Италия ва Исроил бош вазирлари Марио Драги ва Нафтали Беннет, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари раҳбари Рошель Валенски, Сальвадор президенти Найиб Букеле ва “Толибон” вакили, Афғонистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдулғани Биродар ўрин олган. Шунингдек, иккинчи йил қаторасига ушбу тоифага Хитой раиси Си Цзиньпин, АҚШ президенти Жо Байден, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп, Ҳиндистон бош вазири  Нарендра Моди, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис кирган.

“Титанлар”дан Apple бош директори Тим Кук, спорт гимнастикаси бўйича 4 карра Олимпия чемпиони, америкалик Симона Байлз, АҚШнинг энг кўп унвонларга эга аёл енгил атлетикачиси Эллисон Феликс ва бошқалар жой олган.

“Новаторлар” тоифасига қўшиқчи Билли Айлиш, Жорж Флойд оиласининг адвокати Бен Крамп, Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фатих Бироль, кениялик фаол Филлис Омидо ва бошқалар киритилган.

Журнал “Санъат арбоблари” тоифасига актёр Омар Си, актрисалар Скарлетт Йоханссон ва Кейт Уинслет, “Энг яхши режиссёр” йўналишида “Оскар” мукофотини қўлга киритган илк осиёлик аёл Хлоя Чжао ва бошқаларни киритган.

“Кумирлар”дан Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл, аёл теннисчи Наоми Осака, россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва бошқалар жой олган.

“Кашфиётчилар” тоифасига SpaceX асосчиси Илон Маск, Nvidia компанияси бош директори Женсен Хуанг, General Motors Company бош директори Мэри Барра ва бошқалар киритилган.

Мавзуга оид