МСК сайловолди ташвиқотларини олиб бориши тақиқланган давлат органларини Сайлов кодекси талаблари бўйича қатъий огоҳлантирди
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Қуролли кучларнинг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари ва диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади.
Сайлов кодексида белгиланган бу тартиб МСКнинг бугун, 17 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида яна бир бор эслатилди.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг:
- Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
- сайлов комиссиялари аъзоларининг;
- диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқейидан сайловолди ташвиқоти даврида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Давлат органлари сайловолди тарғибот тадбирларини олиб боришда холисликни таъминлай олмайди. Шунинг учун биз давлат органларини бу қонунга қатъий риоя қилишга чақириб қоламиз. Агар шу каби ҳолатлар учраса Марказий сайлов комиссияси бунга ўз муносабатини билдиради», – деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Тадбир давомида мавзу юзасидан Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа ҳам ўз муносабатини билдирди.
Унга кўра, ҳали сайловолди тарғибот тадбирлари бошланмагани учун айтилган фикрлар шунчаки даъват ҳисобланади.
«Ҳали президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари бошлангани йўқ. Шунинг учун бу фақат даъват ҳисобланади. Бизда ҳали вақт бор. Шу пайтгача бўлган ҳолатларларда маълум бир ташкилот раҳбари балки ўша партия аъзоси ҳисоблангандир ёки амалдаги президентни қўллаб-қувватлагандир. Лекин суст партия ортидан кучлиси ҳам захмат чекиши керак эмас», – дея Шерзодхон Қудратхўжа сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.
Маълумот учун, МСКнинг бугун ўтказилган мажлиси қарори билан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши белгиланди.
Мавзуга оид
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
15:54 / 19.08.2024
“Аралаш тизим партияларни фаоллаштиришидан умидвормиз” — МСК вакили
13:30 / 26.07.2024
“E-saylov” тизими сабаб 5 млрд сўм харажат камаяди” – Баҳром Қўчқоров
15:47 / 26.03.2024