Ўзбекистон | 20:32 / 17.09.2021
3682
2 дақиқада ўқилади

«Сайловдан бир кун аввал тарғибот материалларини йиғиб олиш мажбурий эмас, лекин янгисини тарқатиш тақиқланади» — МСК

Сайловолди тарғибот материалларини партиялар томонидан сайловдан бир кун аввал йиғиб олиш мажбурияти бекор қилинган, аммо сайловдан бир кун аввал янги тарғибот материалларини тарқатиш тақиқланади.

Бу ҳақда МСКнинг бугун, 17 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида эслатилди.

«2019 йилгача номзодларнинг ташвиқот материалларини сайловга бир кун қолганда йиғиб олиш мажбурияти бор эди. Бу сиёсий партиялар учун ҳам, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун ҳам катта қийинчилик туғдирарди. Чунки ташвиқот тадбирлари кечки пайт тугайди ва эртасига овоз бериш бошланиши керак.

Дунё амалиётида бу каби материаллар сайлов куни ҳам, у ўтгач ҳам туради. Шунинг учун 2019 йилдан бошлаб бу амалиётдан биз ҳам воз кечганмиз. Демак, сиёсий партияларда сайлов олдидан плакатларни йиғиб олиш мажбурияти йўқ. Лекин сайловга бир кун қолганда қўшимча тарғибот материалларини тарқатиш, илиб қўйиш тақиқланади.

Ҳозир сайловчилар сайлов бўйича энг катта маълумотни қаердан олади? Ижтимоий тармоқлардан.

Мантиқан олсак, биз ижтимоий тармоқлардан ҳам барча материалларни йиғиб олишимиз керак бўларди, лекин бунинг иложи йўқ. Шу нуқтайи назардан олганда, сайловолди тарғиботларнинг туриши қонунга зид эмас», – дея Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, МСКнинг бугун ўтказилган мажлиси қарори билан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши белгиланди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид