Жаҳон | 23:43 / 19.09.2021
5775
2 дақиқада ўқилади

Британияда газ нархи юқорилиги сабабли ўнлаб компаниялар ёпилиши мумкин

Фото: Reuters

Британияда охирги 1,5 ой ичида газ нархи юқорилиги сабабли 5 та энергетик компания ёпилди, яна 4 таси яқин орада банкротга учраганини эълон қилиши мумкин

Газ нархи йил бошидан бери 3,5 марта, сентябрда эса август ойига нисбатан 70 фоизга ошган. Шу сабабли кичикроқ энергетик компаниялар ўз мижозларига хизмат кўрсатишдан бош тортмоқда.

Таҳлилчиларнинг маълум қилишича, 2021 йил бошида Британияда 70 та энергетик компания ишлаган бўлса, йил охиригача уларнинг сони 10 тагача қисқариши мумкин. 

Таъкидланишича, ушбу вазият ҳукумат вакиллари аралашувини талаб қилган. Жумладан, Британия энергетика вазири Кваси Квартенг юзага келган вазият юзасидан компаниялар ҳамда Газ ва электр энергия бозорлари бошқармаси (Ofgem) билан 20 га яқин учрашув ўтказган.

Аввалроқ Европада газ нархи ошиши билан боғланган энергетик инқироз АҚШнинг ўғитлар ишлаб чиқарувчи йирик компанияси CF Industries’ни Британиядаги иккита заводини ёпишга мажбур қилган. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига олиб келиши мумкин, чунки фермерлар сарф-харажатлари кўпаяди. Bloomberg ахборот агентлигининг таъкидлашича, газ ва электр энергия нархининг рекорд даражада ошиши иқтисодиёт тикланишини секинлаштиради ва инфляция кучайишига олиб келади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид