Жаҳон | 20:07 / 20.09.2021
24593
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик суд ижрочиларини ўққа тутди. Беш киши ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида уй эгасини суд қарори бўйича уйдан чиқариш жараёни вақтида отишма юзага келиб, беш киши ҳалок бўлди.

Фото: AFP

Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри бўлмиш Олмаота полиция департаменти матбуот хизмати хабар қилишича, маҳаллий вақт билан соат 17:00 атрофида Оқбулоқ тумани ҳудудида 1967 йилда туғилган шахс уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарорини ижро этиш учун келганларга қарата ўқотар қуролдан ўт очган.

Суд приставлари, участка инспекторлари ва фавқулодда ҳолатлар бўйича департамент ходимлар ўққа тутилган.

Маълум қилинишича, беш киши, шу жумладан икки полициячи олинган жароҳатлар оқибатида вафот этган, ўт очган шахс зарарсизлантирилиб, қўлга олинган.

Ratel.kz нашри ўз манбасига асосланиб хабар қилишича, гумонланувчи ов милтиғидан ўқ узган.

Tengrinews порталининг аниқлик киритишича, отишма вақтида ҳалок бўлган полициячилар зобитлар бўлиб - бири капитан, иккинчиси майор эди.

Худди шу каби ҳодиса шу йилнинг июнида Россияда содир бўлган, ўшанда 61 ёшли уй эгаси икки суд ижрочисини отиб ташлаганди, улар суд қарори бўйича унинг оиласини уйдан чиқариш учун келишганди. У ҳам ов милтиғидан фойдаланган.

Сочида яшаган ушбу шахс отишмадан кейин видеомурожаат қилган ва шундай деган: "Мен тўрт ёшимдан буён шу уйда яшайман, тўрт ёшимдан буён! Улар шунга мажбур қилишди. Ерни расмийлаштиришга имкон бермадилар, бу иложсиз эканини айтишди".

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид