14:57 / 21.09.2021
1587

Президент Нукусда ўтказилган бахшичилик фестивали натижаларига тўхталди

Президент Шавкат Мирзиёев Бўзатовда сайловчилар билан учрашув вақтида бир пайтлар Тошкентда қорақалпоқ маданияти кунлари, Қорақалпоғистонда ўзбек маданияти кунларини ўтказиш анъанаси бўлганини эслади.

“Қорақалпоғистон заминидан етишиб чиққан жуда кўплаб таниқли олимлар, ижодкор ва санъаткорлар ўзларининг ноёб истеъдоди билан юртимиз довруғини дунёга ёйиб келишмоқда. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, “Айқулаш” миллий фольклор ансамбли, Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи том маънода Ўзбекистон санъатининг фахри ҳисобланади.

Биз бундан буён ҳам қорақалпоқ тили ва адабиётини ривожлантиришга, қорақалпоқ халқининг маданияти ва санъатини мамлакатимиз ва жаҳонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Шу мақсадда, ҳозирги пайтда “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” кўп жилдлик тўплами ўзбек тилида нашр қилинмоқда.

Айни вақтда, бутун дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган Савицкий музейи бўйича АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франциянинг етакчи илмий-маданий муассасалари билан ҳамкорликда махсус тадқиқотлар амалга оширилиб, чет тилларда китоб ва альбомлар нашр қилинади. Хориждаги нуфузли маданият марказларида унинг кўргазмалари ташкил этилади.

Ўрни келганда, яна муҳим бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бир пайтлар Тошкентда қорақалпоқ маданияти кунлари, Қорақалпоғистонда ўзбек маданияти кунларини ўтказиш анъанаси мавжуд эди. Эндиликда ана шу яхши анъанани қайта тиклаб, қорақалпоқ санъатини нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларимизда ҳам намойиш этсак, ўйлайманки, халқимизнинг кўнглидаги иш бўлади.  

Оддий халқ орасидан етишиб чиққан моҳир бахши-ж́ировлар қорақалпоқ халқининг бой ва бетакрор халқ оғзаки ижодиётини юксак чўққига кўт́арганлар. Шунинг учун ҳам биз яқинда иккинчи Халқаро бахшичилик фестивалини айнан Қорақалпоғистонда ўтказдик.

Куни кеча қорақалпоғистонлик истеъдодли жиров Жонибек Пиязов фестивалнинг бош соврини – Гран-При мукофотига, бахши Гулбаҳор Ахимбетова эса иккинчи ўринга сазовор бўлгани ҳаммамизни қувонтирди. Қашқадарё ва сурхондарёлик бахшилар “бу танловда ҳам жангағидай жутамиз” деб келишганди. Чунки улар асл уста, кўп йиллик тажрибага эгалар. Лекин ҳакамлар ҳаққоний баҳо беришди. Асл санъат ғалаба қозонди”, – деди президент.

Top